
Шомуродов ва Файзуллаев “Башакшеҳир”даги жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ёзги трансферлар ойнаси даврида “Истанбул Башакшеҳир” клубига кўчиб ўтган эди.
Бу клуб раҳбарияти бош мураббий Чағдаш Атан олдига Еврокубокларда муваффақиятли қатнашиш вазифасини қўйди ва шунга яраша таркибни кучайтириш учун ёзда янги трансферлар учун харажат ҳам қилди.
Икки ўзбек футболчисининг ўзи клуб учун ўн миллион евродан қимматга тушди. Аббосбек Файзуллаевни олиб келиш учун истанбулликлар ЦСКАга 7,5 миллион евро тўлашига тўғри келди. Бир неча нуфузли манбалар ҳали “Башакшеҳир” 21 ёшли ҳужумкор футболчининг натижаларига қараб, яна 2,5 миллион евро бонус тўлаши ҳақида ҳам ёзган эди.
Аббос клуб тарихидаги энг қиммат трансфер соҳиби сифатида рекордчига айланди. Бунгача “Башакшеҳир” тўққиз йил аввал “Алтинорду” жамоасидан Ченгиз Ундерни олиш учун 4,8 миллион евро харажат қилган.
Элдор Шомуродов “Рома”дан бир мавсумга ижарага келган. Турклар 30 ёшли форвардимизни келаси ёз тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқига эга. Табиийки, агар бу савдо амалга ошса, Шомуродов трансфери ҳам клуб тарихидаги энг қиммат харидлардан бирига айланади. Чунки 3 миллион евролик ижара пули билан Элдор қимматга келган ўйинчилар рўйхатида тўртинчи ўринда турибди.
Янги мавсум олдидан “Башакшеҳир” икки ҳамюртимиздан ташқари 325 минг еврога Онур Булут ва 150 минг Беркай Аслан трансферига пул сарфлади. Берат Ўздемир Саудия Арабистонининг “Ал-Иттифоқ”, Дэви Зельке ҳамда Лука Станчич Германиянинг “Гамбург” ва “Бавария”, Нуно да Кошта Туркиянинг “Касимпошо” клубларидан эркин агент сифатида истанбулликлар сафига келиб қўшилди.
Чағдаш Атан шогирдлари УЕФА Конференциялар лигасининг дастлабки икки босқичида Болгариянин “Черно Море” ва Норвегиянинг “Викинг” жамоалари тўсиғидан ўтиб, раҳбарият ишончини оқлагандай бўлди. Аммо икки ўзбек легионерининг қимматбаҳо трансферлари “Башакшеҳир” Руминиянинг “Университетя Крайова” клуби тўчиғидан ўтишга ёрдам бермади.
Жамоа икки ўйинда бешта тўп ўтказгани ва халқаро мусобақанинг умумий босқичига чиқа олмаганидан кейин клуб мутасаддилари кўп нарса бош мураббий малакасига боғлиқ эканини тушиниб етди.
Туркиядаги нуфузли манба – fotospor.com сайтининг ёзишича клуб президенти Гёксел Гюмюшдағ жамоа ўз майдонида “Крайова”га қарши биринчи учрашувни бой берганидан кейиноқ янги бош мураббий маласини ўртага қўйган.
Манбага кўра, “Башакшеҳир” бош мураббийлигига асосий номзод Нури Шахин экани айтилмоқда. Клуб раҳбарияти бу мутахассиснинг дастлабки розилигини олгани ҳақида маълумотлар чиқа бошлади.
Клуб хўжайинлари Нури Шахинга икки йиллик шартнома ва бу муддат учун умумий тўрт миллион евро миқдорида маош таклиф қилгани билдирилди.
“Башакшеҳир” захира вариантлари устидан ҳам бош қотирмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, бу клубда бош мураббийликка Хави, Тиаго Мотта, Марко Роуз ва Эдин Терзич каби Европа футболида ном қозонган мутахассисларни таклиф этиш режаси ҳам бор.
Ҳусановни охиригача ўйнатмаган Гвардиола аламли мағлубиятдан кейин нима деди?
Ўзбек легионерининг кутилмаган трансферига изоҳ берилди
Фикрлар