Камолиддин Тожиев: "Бухоро"нинг қарши ҳужумидан хавотирдаман" (матбуот анжумани)
"Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев "Бухоро"га қарши Ўзбекистон кубоги финали олдидан матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ҳар бир учрашувга тайёргарлик кўргандек бу учрашувга ҳам шундай тайёрландик. Энг муҳими яхши кайфиятда етиб келдик. Эртанги беллашувга жамоамиз билан тўлиқ тайёрмиз. Шунингдек, яхши ўйин намойиш этиб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз".
Рақибни қанчалик ўргандингиз?
Сардор Собирхўжаев: "Мураббийимиз билан ўтган учрашувларга қандай тайёргарлик кўрган бўлсак, бу баҳсга ҳам шундай тайёргарлик кўрдик. Эртага яхши жанг бўлади деб ўйлайман"
"Пахтакор" бир неча кун олдин "Бухоро"ни Суперлига доирасида мағлуб этди. Кубокда эса "Бухоро" ҳар бир босқичда ўзидан кучли бўлган рақиблар билан ўйнаб, енгиб келди. Бу футболчиларга таъсир қилмайдими?
"Бизда бундай фикр бўлмаган. Айниқса, финалга кучсиз рақибнинг ўзи етиб келмайди. Фаворитмиз деб майдонга чиқишнинг ўзи нотўғри. Эртага анча кучли жамоага қарши майдонга тушамиз. Ҳеч қанақа жамоани менсимасдан тушмаймиз. 4:0 ютдик, лекин ўша учрашувда ҳам "Бухоро" яхши ҳаракат қилган эди.
"Пахтакор" иштирокидаги сўнгги финалда жамоа фаворит ҳисобланган лекин кутилмаганда мағлуб бўлган эди. "Бухоро"га қарши ўйнаш қанчалик қийин?
Сардор Собирхўжаев: "Энди бу финал. 1 та учрашувда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қизил карточками, пенальтими - барчаси бўлиши мумкин".
"Пахтакор" мавсум бошида "Ал-Ҳилол"га ютқазиб, Еврокубокларни тарк этган эди. Бироқ, эртага ютса яна Еврокубоклар учун қайтиши мумкин.
Мураббий: "Албатта эртага ғалаба қозониб, Осиёга Чемпионлар лигасига қайтишга ҳаракат қиламиз. Шу сабаб, эртага бор кучимизни берамиз. Чемпионатда ҳам сўнгги тургача курашамиз".
"Пахтакор"га янги терма жамоа учун тортадиган номлар келиб қўшилди. Бу эса жамоани янада кучайтирди. Келаси мавсум учун клубдаги айрим юлдузли футболчилар сақлаб қолинадими?
Мураббий: "Албатта, ҳар бир футболчини сақлаб қолишни истаймиз. Лекин улар истаса қўйиб юборишга ҳам тайёрмиз".
Катта эҳтимол "Бухоро" иккинчи рақамда ҳаракат қилса керак. "Пахтакор"да эса имкониятлар кам бўлиши мумкин. Бу жамоага қанчалик таъсир қилади.
Сардор Собирхўжаев: "Руҳий жиҳатдан албатта босим бўлиши табиий. Бироқ, жамоамизда етарлича ижрочилар бор. Уларга ишонаман эртага ўзларини намойиш этишади".
"Бухоро"нинг айнан қайси хавфли жиҳатларини таъкидлаган бўлар эдингиз?
Мураббий: "Бухоро" қарши ҳужумда яхши ҳаракат қилади. Уларнинг шу жиҳатидан бироз хавотир олиб турибмиз".
Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашдингизми?
Сардор Собирхўжаев: "Йўқ, афсуски сафарга кетиб қолибдилар. Лекин ўйингача етиб келадилар".



Фикрлар