
Расмий хабар: Шомуродовга кутилмаган янгилик!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари – Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов “CAFA Nations Cup 2025” турнирида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турибди.
Бу паллада ҳар икки футболчимизнинг янги жамоаси – “Истанбул Башакшеҳир”да жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Хусусан, “Истанбул Башакшеҳир” расмий сайти орқали бош мураббий Чағдаш Атан истеъфога чиқарилганини маълум қилди.
- Клубимиз бош мураббий Чағдаш Атан билан ўзаро келишган ҳолда хайрлашишга қарор қилди.
Биз икки мавсум давомида лаёқати, садоқати ва профессионаллигини намойиш қилиб, жамоамизни кетма-кет икки маротаба Еврокубокларга олиб чиққан ва клубимиз қадриятларини давом эттиришга катта ҳисса қўшган Чағдаш Атанга миннадорлик билдиришни истаймиз.
Унга фаолиятининг навбатдаги босқичида муваффақиятлар тилаймиз, - дейилади “Истанбул Башакшеҳир” клубининг расмий баёнотида.
Чағдаш Атан “Башакшеҳир”ни 2023 йилнинг сентябрида қабул қилиб олган эди. Икки йил давомида жамоа унинг қўл остида жами 98 та учрашув ўтказиб, 47 та ғалаба, 22 та дуранг ва 29 та мағлубият қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, клуб раҳбарияти мавсум олдидан Чағдаш Атан олдига жамоани УЕФА Конференциялар лигасида муваффақиятли қатнашиш ва Туркия Суперлигасида юқори ўринлар учун курашиш вазифасини қўйган. Ана шу мақсадда жамоа таркиби кучайтирилди. Хусусан, “Рома”дан Элдор Шомуродовни бир мавсум ижарага олиш учун клуб 3 миллион евро сарфлади.
Кейинроқ истанбулликлар Россиянинг ЦСКА жамоасидан яна бир ўзбек футболчиси – Аббосбек Файзуллаевни трансфер қилиш учун 7,5 миллион евро тўлашига тўғри келди. 21 ёшли ҳужумкор футболчимиз клуб тарихидаги энг қиммат ўйинчига айланди.
Чағдаш Атан Конференциялар лигасидаги юришини ғалабалар билан бошлаган бўлса-да, зиммасига қўйилган вазифани уддалай олмади. Дастлабки икки босқичда Болгариянинг “Черно Море” ва Норвегиянинг “Викинг” жамоаларини мусобақадан чиқариб юборган истанбулликлар Конференциялар лигасининг плей-оффида Руминиянинг “Университетя Крайова” клуби тўсиғидан ўта олмади.
Туркия Суперлигасида эса, Чағдаш Атан шогирдлари ўз майдонида ўтказилган учрашувларда “Кайсериспор” ва “Эюпспор” билан дуранг ўйнаб, қимматли очколарни йўқотди.
Бу натижалар клуб раҳбариятини қониқтирмагани учун бош мураббий истеъфога чиқарилди.
Бир неча нуфузли манбалар “Истанбул Башакшеҳир” мутасаддилари жамоани бошқариш борасида таниқли мураббий - немис футболи афсонаси Нури Шахин билан музокара бошлаганини ёзмоқда. Аввалроқ, захира рўйхатига Хави Эрнандес, Тиаго Мотта, Марко Роуз ва Эдин Терзич каби Европа футболида ном қозонган мутахассислар киритилгани ҳам хабар қилинди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Башакшеҳир” яқинда “Фенербаҳче” бош мураббийлигини тарк этган Жозе Моуриньо билан ҳам ҳамкорлик қилиш имкониятини ўрганиб чиқмоқда. Агар бу вариант амалга ошса, бу Элдор Шомуродовга сюрприз бўлади.
Чунки 30 ёшли ҳужумчимизни “Рома”га таклиф этилишини айнан Жозе Моуриньо қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик Шомуродовни захирага михлаб қўйган ҳам ман шу португалиялик мутахассис бўлади.
Фикрлар