Барибир “Сити”дан кетаман!
- 17-апрел, 06:12
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Англиянинг “Манчестер Сити” жамоаси ярим ҳимоячиси Бернарду Силва мавсум охирида клубни тарк этишини маълум қилди ва мухлисларга дил сўзлари билан мурожаат қилди.
- “Шаҳарликлар”! Бу ерга тўққиз йил аввал келганимда, ҳаётда муваффақият қозониш, катта ишлар қилиш каби кичик боланинг орзусига эргашган эдим. Бу шаҳар ва бу клуб менга бундан ҳам кўпроқ нарса берди. Ҳатто орзу қилишга журъат этганимдан ҳам кўпроқ. Биз бирга қўлга киритган ютуқларимиз — бу юрагимда абадий қоладиган мерос. Юз очколик мавсум, ички квадрупл, требл, кетма-кет тўрт чемпионлик ва яна кўплаб ютуқлар… Ёмон чиқмади.
Бир неча ойдан сўнг мен нафақат клуб сифатида шунча ғалабаларга эришган, балки мен оилавий ҳаётимни бошлаган ва оила қурган шаҳар билан хайрлашиш вақти келади. Чин юракдан — Инес ва Карлота, сизларга раҳмат!
Мухлисларга: сизларнинг бу йиллар давомидаги беқиёс қўллаб-қувватлашингиз — мен ҳеч қачон унутмайдиган нарса. Футболчи сифатидаги асосий мақсадим ҳар доим майдонга иштиёқ билан чиқиш, сизлар бизнинг орқамиздан фахрланишингиз ва майдонда манфаатларингиз муносиб ҳимоя қилинаётганини ҳис қилишингиз эди.
Умид қиламанки, ҳар бир ўйинда шуни ҳис қилгансиз. Мен клубга “Манчестер Сити” ўйинчиси сифатида келганман, аммо кетар эканман — умрбод “Манчестер Сити” мухлиси бўлиб қоламан. Бу ёш жамоани қўллаб-қувватлашда давом этинг, ишонаманки, келажакда у сизларга яна кўплаб ажойиб хотиралар тақдим этади.
Клубга, Пепга, барча ходимларга ва шу тўққиз йил давомида бирга бўлган жамоадошларимга — барча хотиралар ва менга бу йўлнинг бир қисми бўлиш имконини берганингиз учун раҳмат.
Машғулот базасида ҳар куни яратган муҳитимиз менга ўзимни уйдагидек ҳис қилишимга — катта бир оиланинг бир қисми эканимни англашимга ёрдам берди. Келинг, бу сўнгги ҳафталардан биргаликда завқланайлик ва мавсум бизга яна нималар бериши мумкин бўлса, барчаси учун курашайлик, - деб ёзди Силва ижтимоий тармоқда.