Шомуродов голи билан рейтингга “ёриб” кирди: Туркия тўпурарлари пойгасида жиддий ўзгариш рўй берди
- 18-октябр, 22:53
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Туркия чемпионатининг саккизинчи турига келиб, Суперлигада ўйнаётган супертўпурарлар иштирокида “Олтин бутса” учун кураш янада авж ола бошлади.
Шу пайтга қадар еттита гол билан биринчи ўринни Муҳаммад Салоҳ билан бўлишиб турган Гифт Орбан бу турда майдонни голсиз тарк этди. “Амед” жамоасига ғалаба келтирган ягона голни Орбан ўрнига ўйинга қўшилган Мбайе Диань киритди.
Муҳаммад Салоҳ жамоаси “Трабзонспор” эса, саккизинчи турни 19 октябрь куни ўтказади ва мисрлик юлдузда вазиятни ўзгартириш учун ҳали имконият бор.
Тўпурарлар пойгасида эътиборга молик жиҳат Элдор Шомуродов ва Ведат Мурики билан боғлиқ. 31 ёшли ўзбек футболчиси “Истанбул Башакшеҳир” таркибида “Газиантеп” жамоаси дарвозасига гол урди ва чемпионатдаги голлари сонини еттитага етказиб, пешқадам қаторига қўшилди.
“Фенербаҳче” сафида тўп тепаётган Ведат Мурики бу гал “Аланьяспор” дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобидаги голлари сонини еттитага етказди. Шомуродовдан фарқли ўлароқ, косовалик фордвард шу голларидан тўрттасини битта учрашувда киритиб, “Эюпспор” билан ўйинда покер қайд этган.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов ўтган мавсумда “Газиантеп”га қарши ўтказилган чемпионатнинг ҳар икки учрашувида биттадан тўп киритган эди. Бу гал ўзбек тўпурари бу анъанасини давом эттирди. Элдор 8-дақиқада ўзи гол урди. Рақиб иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирди. Аммо 82-дақиқада эса, Шомуродов жамоадоши Умут Гунешга голли пас ошириб, жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди.
Шомуродов мавсум бошидан бери деярли ҳар бир учрашувда тўп киритиб, ўзига хос барқарорлик намойиш қиляпти. Элдор шу пайтга қадар “Газиантеп”дан ташқари, “Кожаэлиспор”, “Трабзонспор”, “Касимпаша”, “Галатасарой” дарвозаларига биттадан тўп киритган бўлса, “Генчлербирлиги” билан баҳсда дубль қайд этди.
Чемпионатнинг саккизинчи турида тўпурарлар пойгасида курашни давом эттираётган машҳур футболчилардан Виктор Осимхен рақиб дарвозасини ишғол қила олмади. Гарчи нигериялик юлдуз “Галатасарой” таркибида тўлиқ ўйнаган бўлса-да, унинг жамоасига ғалаба келтирган учрашувдаги ягона голни “Генчлербирлиги” посбони Ирфан Эгрибаят ўз дарвозасига киритиб қўйди. Шу тариқа, Осимхеннинг ҳисобидаги голлар сони олтиталигича қолди.
Худди шунча гол урган Душан Влахович саккизинчи турни ўтказгани йўқ. “Бешиктош” 19 октябрь куни турнинг сўнгги учрашувида “Трабзонспор” меҳмони бўлади. Бу баҳсда Муҳаммад Салоҳ ва Душан Влахович тўпурарлик борасида юзма-юз тўқнаш келади.