Учрашув тақдирини ҳал қилган Шомуродов неча балл олди?
- 18-октябр, 23:31
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Статистик кўрсаткичларга ихтисослашган Flashscore портали Истанбулда ўтган Туркия Суперлигасининг саккизинчи туридаги «Истанбул Башакшеҳир» – «Газиантеп» (2:1) учрашуви иштирокчиларига баҳолар қўйди.
«Башакшехир» таркибида гол урган ва бир голли узатма муаллифи бўлган Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов статистик платформа томонидан 7,5 балл билан баҳоланди. У рақиб дарвозаси томон бир марта зарба йўллади, унинг кутилган голлар кўрсаткичи (xG) эса 0,71 ни ташкил этди.
Майдонда бўлган вақт мобайнида ўзбек форварди тўпга 41 марта тегди, шулардан тўрттаси «Газиантеп» жарима майдонида қайд этилди. Шомуродов 27 марта узатма беришга уринди ва уларнинг 21 таси манзилига етди (аниқлик – 78 фоиз). Шунингдек, у учта дриблинг уринишидан биртасини муваффақиятли амалга оширди (33 фоиз).
«Башакшеҳир» таркибида энг юқори баҳони яримҳимоячи Сков Ольсен олди – 7,7 балл. Меҳмонлар сафида энг яхши кўрсаткич ҳужумчи Кацпер Козловский ҳисобига ёзилди, унинг ўйини ҳам 7,7 баллга баҳоланди.
Ушбу учрашувдан сўнг «Башакшехир» жамоаси ҳисобида 11 очко, «Газиантеп»да эса саккиз очко жамғарилган.
Элдор Шомуродов эса, чемпионатдаги еттинчи голини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Бу гол туфайли 31 ёшли ҳужумчи тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилаётган гуруҳга қўшилди.
Айни пайтда Гифт Орбан, Муҳаммад Салоҳ, Ведат Мурики ва Элдор Шомуродов ҳисобида еттитадан гол бор ва улар биринчи ўринни бўлишиб турибди. Тўпурар пойгасида олтитадан голга эга бўлган Виктор Осимхен ва Душан Влахович ҳам иштирок этмоқда.
Шомуродов голи билан рейтингга “ёриб” кирди: Туркия тўпурарлари пойгасида жиддий ўзгариш рўй берди
Бугун Шомуродов гол урмаса бўлмайди: Элдор аввалги иккита ўйинда бу ишни икки бор уддалаган!