Нагельсманн: "Ғалаба чиройли бўлмади, лекин энг муҳими — 3 очко"
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ЖЧ–2026 саралаш босқичидаги Шимолий Ирландия устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабани изоҳлади.
"Бу биз учун энг яхши ўйин бўлмади. Стадион муҳити жуда эҳтиросли эди, ҳар бир тўп учун охиригача курашишга тўғри келди. Ҳатто ҳакамга ҳам бўлаётган воқеаларни назорат қилиш қийин бўлди. Охир-оқибат ҳал қилувчи эпизод стандарт вазиятдан кейин юз берди — биз уларни кўп машқ қиламиз, чунки бу муҳим. Ғалаба "чиройли" бўлмади, аммо асосийси — 3 очко", — деди Нагельсманн.

Дарвозабонлар мавзусидаги саволга жавоб берар экан, мураббий Оливер Бауманн ва Мануэль Нойер ҳақида ҳам фикр билдирди:
"Мануэль терма жамоа фаолиятини якунлаганидан бери биз дарвозабон хатоси сабабли бирор марта мағлуб бўлмадик. Нойер аъло мавсум ўтказмоқда, аммо бизда дарвозабонлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. У ҳақдаги гап-сўзлар ҳеч кимга фойда бермайди — на Бауманнга, на бошқа дарвозабонларимизга, на ўзининг "Бавария"даги ишига эътибор қаратган Нойерга", — дея таъриф бериб ўтди Германия терма жамоаси бош мураббийи.
Маълумот ўрнида, 35 ёшли Оливер Бауманн ҳозирги кунда "Хоффенхайм" дарвозасини қўриқлайди.



Фикрлар