Асрор Ғофуров: Сурхондарёлик бўлганим учун "Сурхон"нинг таклифига йўқ дея олмадим

  • 19 июль, 2019, 00:06
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 2
  • Футбол
CHERY AUTO

Айни пайтда клубларимиз ёзги йиғинда тайёргарлик ишларини олиб боришмоқда. 9 июлдан эса трансфер ойнаси очилгани боис барча жамоаларда ўзгаришлар бошланган. Бундай пайтда ўйинчиларнинг келди-кетдиси ҳам авж олмоқда. Ушбу мавсумни «Андижон» таркибида бошлаган ярим ҳимоячи Асрор Ғофуров ҳам жамоасини янгилашга қарор қилди.

Tecno

Термизнинг «Сурхон» клуби ушбу ўйинчига таклиф билан чиққанидан кейин Ғофуров қарорини ўзгартиришга аҳд қилди. Туркияда бир неча йил фаолият кўрсатган футболчи Ўзбекистонга қайтиб ярим мавсумдан кейиноқ жамоасини янгилашга улгурди.

- Бирор-бир футболчи у клубдан бошқа клубга ўтадиган бўлса, бу нимадир ёққан ёки ёқмаганлиги билан боғлиқ эмас, - дея гап бошлади, Асрор Ғофуров. - Нима учун «Андижон»дан кетганимга келсак, менга «Сурхон» жамоасидан таклиф бўлди. Шу сабабли жамоамни ўзгартиряпман. Куни кеча барча музокаралар ҳал бўлди. Эндиликда «Сурхон»нинг машғулотларида иштирок этяпман. Лекин «Андижон» ҳам мени осонликча қўйиб юборгиси келмади. Аммо термизликлардан таклиф бўлганидан сўнг йўқ дея олмадим. Қолаверса, ўзим ҳам сурхондарёликман. Умуман айтганда, «Андижон» билан ўртамизда келишмовчиликлар бўлгани йўқ. Биз клуб билан дўстона равишда хайрлашдик. «Сурхон» мен ҳақимда «Андижон»га таклиф билан чиқди. Иккала клуб эса менинг трансферим борасида ўзаро келишиб олишди. Аммо қандай келишгани менга қоронғу. «Андижон» клуби раҳбари билан гаплашганимда, ишинг ҳал бўлди, «Сурхон» билан молиявий томонларини келишиб олдик, кейинги фаолиятингга омад тилайман деб раҳмат айтди. «Андижон» таркибида 14 та учрашувда иштирок этдим. Андижон халқига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Улар мени доим қўллаб-қувватлашди. Ўзингиз ҳам биласиз, Туркиядан қайтганимдан кейин Ўзбекистондаги биринчи жамоам «Андижон» бўлди. Бу жамоадан умуман ёмонлик кўрганим йўқ. Аксинча, улардан хурсанд бўлдим. Футболда эса ўйинчиларнинг у жамоадан, бу жамоага кўчиб ўтишлари бор нарса. Балки менинг «Сурхон» бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга қайсидир ҳислатларим ёқиб қолгандир.

«Андижон» биринчи даврани қониқарли ўтказа олмаганини ҳамма яхши билади. Шу сабабли аутсайдерлардан бирига айланиб қолди. Биринчи даврада ушбу жамоа таркибида тўп сурган ва эндиликда собиқ ўйинчисига айланган Асрор Ғофуров эса «Андижон»нинг муваффақиятсиз иштирокига қуйидагича изоҳ берди:

- Албатта, биринчи давра «Андижон» жамоаси учун кўнгилдагидек кечмади. Агар ўйинларимизни таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, бизга фақат омад етишмаганлигини айтишим мумкин. Чунки бир қатор учрашувларда ютиб турган пайтимизда ғалабаларни қўлдан чиқардик. Масалан, «Навбаҳор», «Қизилқум», «Динамо» каби жамоаларга қарши учрашувларда тайёр ғалабаларни қўлдан чиқариб юбордик. Лекин жамоада ҳамма ишлар аста-секин ўз изига тушади. Янги бош мураббий Александр Хомяков вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиляпти. Футболни эса ҳамма ҳар хил кўради. Масалан, менинг ўзимга яраша футболдаги тушунчам бор, мураббийларники эса бошқача. Шу боис уларнинг ҳам футболга бўлган қарашларини ҳурмат қиламан. Иккинчи даврада жамоага омад тилайман ва мавсумни юқори ўринлардан бирида якунлашига умид билдириб қоламан.

Тўғри, ҳар кимнинг футболга қараши бор. Ғофуровнинг билдирган фикрларидан кейин балки у «Андижон» устози Александр Хомяковнинг услубига мос тушмадимикин, деган савол ҳам туғилди. Лекин футболчи вазият бундай бўлмаганини таъкидлади.

- Хомяковнинг тактикасига мослаша олмадим демоқчи эмасман. Боя айтиб ўтганимдек, аслида андижонликлар менинг кетишимни хоҳлашмаганди. Мени ўзлари қўйиб юборишгани йўқ. Раҳбарият яна биргаликда ҳамкорлик қилиш истагида эканликларини маълум қилишганди. Лекин иккала клуб келишиб олганидан кейин менинг «Сурхон»га ўтишим аниқ бўлди. Ҳозирда «Андижон» қийин аҳволга тушиб қолди. Клуб 13-ўринда боряпти. Бунинг асосий айбдори эса биз футболчилармиз. Чунки майдонда биз ўйнаймиз. Бу борада ҳаракат қилмадик эмас, қўлимиздан келганича курашдик ва нимадир қилишга уриндик. Лекин ҳар доим жамоага нимадир етишмай қоларди. Четдан қараганларнинг ҳаммаси билиб турганди, «Андижон»га нимадир етишмаяпти. Ваҳоланки, натижа яхши бўлиши учун ҳамма ҳаракат қиляпти. Энди клуб ўша етишмаётган нимадирни ҳал қилиши лозим. Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ ва олдинда иккинчи давра баҳслари бор. Қолаверса, андижонликлар иккинчи даврада ўз майдонида 7-8 та ўйин ўтказади. Жамоа эса бундан фойдаланиб қолиши керак. Энг асосийси, уларга омад кулиб боқишини тилаб қоламан. Барибир водийликлар футболга ташна ва уни жуда севишади. Иккинчи даврада «Андижон» йўқотилган очколар ўрнини тўлдира олади деб умид қиламан. Ҳар ҳолда жамоада яхши футболчилар бор. Иқтидорли ўйинчилар пайдо бўляпти. Иккинчи даврада улар катта саҳнага чиқишади деб ўйлайман, - дейди Асрор.

Энди Ғофуровнинг барча ўй-хаёллари «Сурхон» билан боғлиқ бўлади. Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов эса иккинчи давра учун таркибни сезиларли даражада кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Мақсад эса жиддий кўринмоқда. Шунинг учун ҳам селекцияга жиддий эътибор қаратилмоқда. Энди «Сурхон» жамоасининг бир бўлагига айланган Асрор Ғофуровнинг фаолиятида янги саҳифа очилди.

- «Сурхон» клубининг режа ва мақсадлари жиддий. Улар кучли учликка кириш учун курашишяпти. Бахтиёр Ашурматов билан ҳаммасини гаплашиб олдик. Мақсадига эришиш йўлида ёрдам беришим муҳимлигини таъкидлади. Ўз олдига катта-катта вазифаларни қўйган клубда тўп суриш жуда қизиқарли ва ёқимли. Бу йўлда эса мен «Сурхон»га қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Аслида ҳам улар мени шу мақсадда таклиф қилишди. Ашурматовнинг ўйин услубига айнан мен каби ўйинчилар кераклигини айтди. Бош мураббий «Сурхон»ни кучли клубга айлантириш учун ҳар томонлама қаттиқ меҳнат қилаётгани кўриниб турибди. Бахтиёр Ашурматов билан биринчи марта ишлашим. Тўғриси, бу ўзим учун ҳам қизиқарли туюляпти. Барибир мен учун янги мураббий, янги жамоа ва янги муҳит. Буларга кўникишим ва ўрганишим учун вақт керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Murod Panjiev
19/07/2019 09:52
Уз элингда уз сурхонингда жон куйдириб уйна укам мухлисларни мехрини козонишинга тилакдошман.ОЛГА СУРХОНИМ!
&
Surxon turon
19/07/2019 06:37
Тӯғири қарор сурхондарёлик фудболчиларни йиғгани чунки астойдил ӯйнайди Анварга омад