
Мағлубиятсиз одимлаётган "Насаф", сюрприз кўрсатган "Динамо" ёхуд биринчи даврани якунлаб турган клубларга эътибор бердингизми?
Кўз очиб юмгунча чемпионатимизда биринчи давра баҳслари якунига етди ва жамоалар ёзги таътилга чиқиб кетдилар. 15 та клуб иштирокидаги беллашувларда 15-тур 7 июль куни ниҳоясига етди.
Мавсумнинг ярмига ким қандай ҳолатда етиб келди? Ўтган йили мамлакат чемпионлигини қўлга киритган “Насаф” жамоасининг зиммасида чемпионлик камарини ҳимоя қилишдек янада муҳим вазифа турибди. Ҳозирча “Насаф” бу ишни муваффақиятли уддаламоқда. 15 та ўйинда Рўзиқул Бердиев жамоаси 9 ғалаба ва 6 дуранг қайд этиб 33 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. Биргина “Насаф” ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Қолаверса, “Аждарлар” 27 май куни мамлакат Суперкубогида “Андижон”ни 1:0 ҳисобида енгиб навбатдаги совринни қўлга киритди.
Чемпионат мобайнида кўплаб танқидларга дучор бўлган “Нефтчи” бир айланиб биринчи даврани иккинчи ўринда тугатди. Бу натижа негатив фикрлар фонида жуда яхши кўриняпти. “Нефтчи” 15 та ўйинда 8 ғалаба, 6 дуранг ва 1 мағлубият қайд этиб, 30 очко жамғарди.
Кучли учликни Самарқанднинг “Динамо” жамоаси якунлаб берди. Вадим Абрамов шогирдлари биринчи даврани ажойиб тарзда ўтказишди. Улар анча вақтгача мағлубиятсиз сериясини давом эттиришди. Фақат ўз уйида кетма-кет “Бунёдкор” ва “Нефтчи”га қарши ўйинларда имкониятни бой бериб қўйди. Шунга қарамасдан, “Динамо” 8 ғалаба, 5 дуранг ва 2 мағлубият билан ёмон натижа қайд этгани йўқ. Масалан, мавсум олдидан самарқандликларни биринчи даврадан сўнг учинчи ўринни банд этади деса кўпчилик ишонмасди. Уларда ҳаттоки пешқадам сифатида якунлаш имконияти ҳам бор эди. Агар охирги турларда омадсизлик бўлмаганида балки янада юқорироқ ўринларда кўрардик. Иккинчи даврада қанақа бўлишини эса вақт кўрсатади. Хўш, сиз кучлик учликда биринчи даврани ушбу жамоалар якунлашини кутганмидингиз?
7-ўрингача “Бунёдкор”, ОКМК, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” жой олган. Гап шундаки, 8-поғонадаги “Сурхон” билан 7-ўринни банд этиб турган “Навбаҳор” ўртасида 8 очколик фарқ бор. Турнир жадвалининг шу жойида клублар ажралиб қолишган десак муболаға бўлмайди.
Эътиборлиси, ўтган йили про лигада қатнашиб, бу йил Суперлига йўлланмасини қўлга киритган бешта клуб – “Шўртан”, “Қўқон-1912”, “Бухоро”, “Хоразм” ва “Машъал” турнир жадвалини қуйи қисмини кетма-кетликда якунлаб туришибди. Яъни, 12-ўриндан 16-ўрингача про лигадан чиққан жамоалар жой олишган. “Шўртан” 9 очко жамғариб сўнгги поғонада. Яна бир порлаши кутилган "Сўғдиёна" эса 11-ўрин билан чекланиб турибди. Аммо аллақачон иккинчи даврага таркибни кучайтириш ишларини бошлаб юборган.
Биринчи давра мобайнида 4 та клубда бош мураббий ўзгарди. “Пахтакор” португалиялик Педру Морейра бошчилигида кетма-кет мағлубиятлар исканжасига тушиб қолгач, Камолиддин Тожиев вақтинча унинг ўрнига тайинланди ва у мағлубиятсиз серияни бошлаб берди ва ҳали ҳамон давом этяпти. Мавсум старти қониқарсиз бўлганлиги эвазига “Пахтакор” кўп очко йўқотди ва биринчи даврани 26 очко билан 6-ўринда тугатди. Шунингдек, “Андижон”, “Шўртан” ва “Қизилқум”да ҳам бош мураббийлар ўзгарганини яхши биласиз.
Иккинчи давра ҳал қилувчи бўлади!
Фикрлар