"Ёки ҳозир ёки ёзда кетишим аниқ эди" - Бектемир Абдуманноновнинг "Динамо"даги фаолияти нега жуда қисқа бўлгани ва нима учун Қозоғистонга кетгани ҳақида
- 11-апрел, 11:30
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
Иқтидорли қанот ярим ҳимоячиси Бектемир Абдуманнонов қишда “Андижон”дан “Динамо”га ўтганди. Бироқ футболчининг самарқандликлар сафидаги фаолияти узоққа чўзилмади ва у кутилмаганда Қозоғистонга кўчиб ўтди.
Эндиликда футболчи “Окжетпес” сафида тўп сурмоқда.
Куни кеча Sports.uz журналисти Абдуманнонов билан мавжуд вазият юзасидан суҳбатлашди.
- Рости, "Динамо"га қўшилганингизга ҳали кўп вақт бўлмасдан сизни Қозоғистон чемпионатида пайдо бўлишингизни умуман кутмагандик. Воқеалар ривожи нега бунчалик ўзгариб кетди?
- Ассалому алайкум. “Динамо”га ўтишим сабаби, у ёқда ўйин амалиётига эга бўлиш эди. Мураббийни нима сабабдан ўйнатмаганини билмайман. Қозоғистонга ўйин амалиёти учун келдим.
- Фаолиятингизда бундай ўзгариш рўй бериши ўзингиз учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлдими?
- Ҳа, шунақа деса ҳам бўлади. Ёки ҳозир ёки ёзда кетишим аниқ эди.
- "Динамо"дан кетиб шошилмадингизми? Чунки у ерга ўтганингизга ҳали кўп бўлмаганди ва балки мураббий сизга яна имкон берармиди?!
- Агар имкон берганда 4 турдан 1 тасида имкон берарди. Ҳаммаси ўз вақтида тугади.
- Нима деб ўйлайсиз, бундан чиқди, “Динамо”га ўтишингиз хато қарор бўлдими?
- Хато эмас. Бу мураббий билан боғлиқ савол. Ўзлари таклиф қилиб сотиб олди. Ўйнатмади, бу мени хатоим эмас.
- Абрамов билан кетишингиз ҳақида гаплашдингизми? Мураббий қандай реакция билдирди?
- Вариант борлигини айтдим. Кўриб чиқиб, қўйиб юборишга рухсат берди.
- “Окжетпес”да сизни қандай қарши олишди?
- Жамоа ҳар томонлама яхши. Ташкилий томондан бизни чемпионатдан бир қадам олдинда.
- “Окжетпес”даги яратилган шароитлар қандай экан? Масалан, ўзимизни клублар билан солиштирганда қандай?
- Бизни клублардан анча яхши, ҳар томонлама.
- Янги клубдаги дебютингизни ўтказдингиз ва 1:1 ҳисоби қайд этилди. Таассуротлар қандай бўлди?
- Биринчи ўйин бўлишига қарамай, яхши ўйин бўлди. Жамоага киришиб кетиш қийин бўлмади. Жамоа ютқазаётганди. Майдонга тушиб ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Охирги дақиқаларда гол уриб ҳисобни тенглаштириб кетдик.
- Келишув қандай бўлди: “Динамо” сизни ижарага бердими ёки қозоқ клуби трансферингизни сотиб олдими?
- Ижарага берди.
- Илк бор легионерга айландингиз. Кўникишда, мослашишда қийналмаяпсизми? Бу борада сизни кўпроқ ким қўллаб-қувватлаяпти?
- Қийинчилик йўқ. Мураббий ҳамма нарсани тушунтириб қўйди. Жамоадагилар ҳам анча яхши йигитлар. “Андижон”да бирга ўйнаган Абинур Нуримбет ҳам ушбу клубда. 1-2 кун ичида жамоа билан мослашиб бўлдим.