Ўзбекистон билан ўйинга Россия терма жамоаси келади

Ўзбекистон билан ўйинга Россия терма жамоаси келади

Россия терма жамоаси Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказади, дея хабар бермоқда Россия футбол иттифоқи матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, беллашув 12 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади.

Россия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари тарихда иккинчи бор ўзаро майдонга тушишади. Илк ўйин 2022 йил 20 ноябрда Тошкентда ўтказилган ва голсиз дуранг — 0:0 ҳисобида якунланган эди.

Ўзбекистон терма жамоаси 2025 йили ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Жамоа ҳал қилувчи натижани ОАЭга қарши 0:0 ҳисобидаги дуранг орқали расмийлаштирган, саралаш босқичини эса Қатар устидан 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан якунлаган эди.

2026 йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон биринчи марта мусобақанинг финал босқичида иштирок этди. Терма жамоа гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши майдонга тушди.

2025 йил кузида Ўзбекистон терма жамоасига 2006 йилда Италия таркибида жаҳон чемпиони бўлган, «Олтин тўп» соҳиби ва ўша йилда ФИФА талқинига кўра дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган Фабио Каннаваро бош мураббий этиб тайинланди. ФИФАнинг сўнгги расмий ойнаси давомида жамоа бир қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказди. Улар орасида Жанубий Кореяга қарши беллашув ҳам бўлиб, унда Ўзбекистон 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Россия терма жамоаси эса Валерий Карпин қўл остида сентябрь ва октябрь ойларида Эронни 2:0, Намибияни 6:0 ҳисобида мағлуб этди, шунингдек, Нигерия билан голли дуранг — 3:3 ўйнади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ўйинчиларидан Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўз даврида Россия Премьер-лигасида тўп турган. Элдор "Ростов"даги голлари, Аббосбек эса ЦСКАдаги ўткир ўйинлари билан россиялик мухлису мутахассислар эътиборини қозонган. Шомуродовга Ростов клубида Россия миллий терма жамоасини бир неча йилдан бери бошқариб келаётган Валерий Карпин устозлик қилган. 

Бундан ташқари, Фабио Каннаваро томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилина бошлаган икки футболчи бугунги кунда Россия чемпионатида фаолият юритмоқда. Жаҳон чемпионатидан кейин Жаҳонгир Ўрозов "Рубин" клубига трансфер қилинди. Яқинда эса Маҳмуджон Маҳамаджонов Махачқалъанинг "Динамо" жамоаси сафига қўшилди. Ҳар икки легионеримиз ўз жамоаларида асосий таркибда мунтазам ўйнай бошлади.

Муҳаммад Салоҳ ва Шомуродов дуэли давом этади!

УЕФА Чемпионлар лигаси: Ҳусановдан бошқа вариант йўқ!

 

Баҳодир Жалолов жангдан кейин нега Абдуқодир Ҳусанов ва Эрлинг Холанд олдига борди?

Шомуродов голи билан рейтингга “ёриб” кирди: Туркия тўпурарлари пойгасида жиддий ўзгариш рўй берди

   

 

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ