"Динамо"да раҳбар бўлиб ишлаган мутахассис энди U19 жамоасини бошқаради
- 2-феврал, 17:10
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
Самарқандда U21 ҳамда U19 жамоаларига янги мураббийлар тайинлангани маълум бўлди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати баён қилди.
«Динамо» ПФК раҳбарияти 2026 йилги мавсумда маҳаллий ёш ўйинчиларни тарбиялаш ва уларни асосий жамоага тайёрлаш масаласига ҳам эътиборни янада оширмоқда.
Шу мақсадда самарқандлик маҳаллий мутахассис, «Динамо» жамоаси собиқ ҳимоячиси Рафаэл Баласанян «Динамо» U21 жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. 2025 йилда «Динамо»нинг U19 жамоасини муваффақиятли бошқарган мутахассис 2026 йилдан жамоамиз ўринбосарларини янги мавсумга тайёрлайди. Баласанян ўтган йиллар давомида ҳам «Динамо» клуби мураббийлар штабида фаолият юритган, шунингдек «Сурхон» ўринбосарлари жамоасини бошқарган эди.
Яна бир маҳаллий мутахассис, «Динамо» жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Умид Абдураҳмонов U21 жамоаси ёрдамчи мураббийи сифатидаги фаолиятини давом эттиради. У ўтган йилларда ҳам Андрей Пятницкийга ассистент сифатида ишлаган эди.
Шунингдек, ўтган йиллар давомида «Динамо» клуби шарафини ҳимоя қилган, клуб мураббийлар штаби ва раҳбариятида фаолият юритган Дилшод Шарофетдиновга «Динамо» U19 жамоасини бошқариш вазифаси юклатилди. Қолаверса, у жамоа техник директори сифатида ҳам фаолият юритади.
«Динамо» U19 жамоасида самарқандлик яна бир маҳаллий мутахассис Акмал Холматов ҳам мураббий сифатида иш бошлади. Акмал ўтган йиллар давомида ҳам «Динамо» ёшлар жамоаларида муваффақиятли фаолият юритган эди. Дилшод Шарофетдинов ва Акмал Холматов U19 жамоасини янги даражага олиб чиқиб, янги иқтидорларни кашф этиш ва ўринбосарлар ҳамда асосий жамоага тайёрлаш устида биргаликда иш олиб боришади", - дейилади расмий хабарда.