Антонио Конте: "Наполи" Олтин медаль учун охиригача курашади"
- 7-апрел, 12:28
- Bilolbek Imomov
- 0
- Футбол
"Наполи" бош мураббийи Антонио Конте жамоанинг кетма-кет иккинчи марта чемпионлик имконияти ҳақида фикр билдирди.
А Сериянинг 31-туридан кейин неаполликлар 2-ўринда бормоқда ва пешқадам "Интер"дан 7 очкога орқада қолмоқда.
"Биз реалист бўлишимиз керак. Энди бирорта ҳам хатога йўл қўймаслигимиз лозим. Шу билан бирга, "Интер" бир неча бор очко йўқотишига ҳам умид қилишга тўғри келади. Аммо уларнинг ҳозирги натижаларини ҳисобга олсак, бу унчалик осон кўринмаяпти. Уларда жуда кучли таркиб бор ва улар пешқадамликка муносиб. Биз эса суръатни пасайтирмаслигимиз шарт.
Биз чемпионлик учун курашни охиригача давом эттирамиз. Бир неча ой давомида бу имконият қўлимизда эмасди, аммо ҳозир тақдиримизни яна ўз қўлимизга олдик ва шу руҳда давом этишни истаймиз. Ортиқча баландпарвоз гаплар қилмаймиз.
Чемпионлар Лигаси йўлланмаси ҳам ҳали кафолатланмаган. Бу биз учун энг муҳим мақсадлардан бири. Чунки бу мусобақада иштирок этиш молиявий жиҳатдан ҳам жуда катта аҳамиятга эга", – деди Конте.