Расман. Брайан Мбёмо - "Манчестер Юнайтед" футболчиси!
"Манчестер Юнайтед" "Брентфорд" клуби вингери Брайан Мбёмони ўз сафига қўшиб олди. 25 ёшли камерунлик футболчининг трансфери 71 миллион фунтга баҳоланди.
Белгиланган 65 миллион фунтлик сумма тўрт қисмда тўланади, шунингдек, битимга 6 миллион фунтлик бонуслар ҳам киритилган.
Мбёмо билан тузилган шартнома 2030 йилгача мўлжалланган. Шу билан бирга, яна бир йилга узайтириш имконияти мавжуд.
Ўтган мавсумда у АПЛда 38 ўйинда 20 та гол ва 7 та ассистга муаллифлик қилди. Шунингдек, вингер "Брентфорд"нинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурари бўлди.
"Қизил иблислар"нинг янги футболчиси трансфер амалга ошгандан сўнг ўзининг илк интервьюсини берди:
"Менинг мақсадим ҳар доим кечагидан яхшироқ бўлишдир. Бу ерда Рубен Аморимдан ўрганиб, жаҳон даражасидаги футболчилар билан бирга ўйнаб, янада юқори маррага эришиш учун ғайрат ва иродам борлигини биламан.
Ҳамма менга бу ерда яратилаётган муҳит ва келажак режаларининг қанчалик ҳаяжонли эканлиги ҳақида айтиб берди. Бу улкан клуб, ажойиб стадиони ва зўр мухлислари бор, барчамиз энг нуфузли совринлар учун курашишга қатъий аҳд қилганмиз.
"Манчестер Юнайтед"га қўшилиш имконияти борлигини билган заҳотим, болаликдан бери кийиб юрган футболкасини кийган, орзуларим жамоасига аъзо бўлиш учун бу имкониятни қўлдан бой бермаслигим керак эди" - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ҳозирда МЮнинг футбол ишлари бўйича директори Жейсон Уилкокс Брайан Мбеумонинг "Юнайтед"га қўшилиши ҳақида шундай фикр билдирди:
"Брайаннинг Премьер-лигадаги голлари ва голли узатмалари кўрсаткичи ғоят юқори, унинг доимий барқарор ўйини уни сўнгги уч мавсумда Англиянинг энг самарали футболчилари сафига қўшди.
Брайаннинг бизнинг лойиҳамизга бўлган ишончи ва клубга қўшилишга бўлган қатъияти унинг "Манчестер Юнайтед" ва биз шакллантираётган маданиятга тўла мос келишини исботлади.
Биз мавсумолди сафар бошланишидан олдин асосий мақсадларимиздан яна бирини рўёбга чиқарганимиздан мамнунмиз. АҚШдаги тажриба Брайан учун Рубен ва янги жамоадошлари билан олдинда турган қизғин мавсумга тайёргарлик кўриши учун энг қулай имконият бўлади."
Бир неча нашрларнинг хабар беришича, футболчи 10-рақамни қабул қилиб олади.
Фикрлар