 
                Бугун Шомуродов яна гол уриши керак, Файзуллаев эса...
Европанинг кучли чемпионатлари қаторига қўшилиб бораётган Туркия Суперлигасининг 11-турини “Истанбул Башакшеҳир” бошлаб берадиган бўлди. Истанбулликлар ўз майдонида “Кожаэлиспор” жамоасини қабул қилади.
“Истанбул Башакшеҳир” ва “Кўжэлиспор” футболчилари “Фотиҳ Терим” стадионида бўладиган бу учрашувга ғалаба руҳида кириб келмоқда. Мезбонлар Элдор Шомуродов ва Нуну Да Коштанинг “Антальяспор” дарвозасига урган иккидан голи эвазига беш ўйинлик ғалабасиз серияга нуқта қўйди, меҳмонлар эса, учта кетма-кет ғалаба билан яхши формада эканини намойиш қилмоқда.
Ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродов бу мавсумда “Башакшеҳир”нинг асосий ўйинчиси даражасига кўтарилди ва ҳар бир учрашувда жамоасига катта ёрдам бериб келмоқда. Қолаверса, сермаҳсул ўйини туфайли Туркия чемпионатининг тўпурарлар баҳсида иккинчи ўринга кўтарилиб олди.
Элдор “Башакшеҳир”нинг чемпионатдаги ўнта учрашувда урган жами 11 та голидан ярмидан кўпроғига, яъни олтитасига муаллифлик қилган. Бундан ташқари, Суперлигада битта ассист муаллифи ҳам ҳисобланади. Ҳар ҳолда 10 та баҳсда гол+пас тизимида етти балл жамғаргани жуда яхши натижа сифатида эътироф этилмоқда.
Истанбулликлар бош мураббий Нури Шахин Антальяда қўлга киритилган йирик ғалабадан сўнг мамнунлигини билдириб, айниқса, икки гол стандарт вазиятлардан киритилганидан хурсандлигини айтди — бу соҳада жамоа аввал қийналаётганини тан олди.
Бу ғалаба “Башакшеҳир” учун мавсумдаги атиги иккинчи муваффақиятли натижа бўлди, жамоани қуйи лигага тушиб кетадиган хавфли зонадан узоқлаштириб, мусобақа жадвалида 11-ўринга кўтарилди.
Агар бўлажак учрашувда Нури Шахин шогирдлари яна рақибдан устун келса, жамоа жадвалда яна юқорилиш имконига эга бўлади. Қизиғи шундаки, турни бошлаб берадиган бу икки жамоа мусобақа жадвалида кетма-кет жойлашган ва “Кожаэлиспор” бир очко кўп жамғарган ҳолда бир поғона юқорида жойлашган.
Transfermarkt порталида қайд этилишича, “Истанбул Башакшеҳир” ва “Кожаэлиспор” ўзаро ўн маротаба куч синашган. Учрашувларнинг катта қисми Туркия чемпионатининг биринчи биласига тўғри келади. Бу мусобақадаги саккизта учрашувдан иккитасида истанбулликлар зафар қучган ва учтадан дуранг ва мағлубият қайд этган.
2008-2009 йилги мавсумда Суперлига доирасидаги ҳар иккала баҳсда “Истанбул Башакшеҳир” 5:2 ва 5:0 ҳисобида ғалабани нишонлаган.
Айни пайтда рақиб жамоада ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Бош мураббий Селчук Инони бошчилигидаги жамоа мавсум бошида юзага келган қийинчиликлардан кейин юқори спорт формага кирди. “Кожаэлиспор” чемпионатнинг дастлабки етти ўйинида ғалаба қозона олмаганди (2 дуранг, 5 мағлубият), аммо сўнгги учта учрашувда кетма-кет ғалабаларга эришди — “Эюпспор” (1:0), “Коньяспор” (3:2) ва “Аланьяспор” (2:0).
Энг таъсирли жиҳати шундаки, Инони шогирдлари ҳимоя ва ҳужум ўртасида мувозанатни топди: сўнгги учта ўйиннинг иккитасида дарвозаларини дахлсиз сақлашди ва олти гол урдилар — бу аввалги етти ўйиндаги натижадан икки баробар кўп.
Инон матбуот анжуманида жамоаси “яна ғалаба қозониш учун яхши ҳолатда эканлигини” таъкидлаб, ғалабалар сериясини тўрт ўйингача узайтириш, Суперлига тарихида ва 2025 йилда илк бор кетма-кет сафардаги ўйинлардан уч очкони олиб кетишни мақсад қилиб қўйганини билдирди.
Бўлажак баҳсда “Башакшеҳир”нинг асосий қуроли Элдор Шомуродов ҳисобланади. Ўзбек ҳужумчиси бу ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, тўпурарлар пойгасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб олиш имконига эга.
Бундан ташқари, бу учрашувда Шомуродов “Кожаэлиспор” тўпурарлар билан дуэлга киришади. Меҳмон жамоа сафида Бруно Петкович жароҳати сабабли майдонга тушолмайди. Лекин бошқа ҳужумчи Тайфур Бингёл тўпурарлар пойгасида ўзбек ҳужумчисига етиб олишга ҳаракат қилади. Айни пайтда “Кожаэлиспор”нинг ҳар икки форварди ҳисобида тўрттадан гол бор.
Афсуски, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг “Башакшеҳир”даги иккинчи вакили Аббосбек Файзуллаев бу баҳсни ҳам ўтказиб юборади. Халқаро танаффус вақтида терма жамоа ўйинида шикастланган 22 ёшли ҳужумкор футболчи ҳали саломатлигини ва спорт формасини тўлиқ тиклаб олгани йўқ.
Жамоаларнинг тахмний таркиби эса қуйидагича кўриниш олди:
“Башакшеҳир”:
Шенгезер; Шахинер, Опоку, Ба, Опери; Ўздемир; Брнич, Креспо, Кемен, Сари; Шомуродов
“Кожаэлиспор”:
Йованович; Оғуз, Балоғ, Смолчич, Жикстил; Линетти, Кейта; Агйей, Боенде, Бингёл; Дурсун.
“Истанбул Башакшеҳир” ва “Кожаэлиспорт учрашуви 31 октябрь куни Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.
Ҳусановнинг жароҳатдан кейинги биринчи ўйини қандай баҳоланди?
Ҳусанов хотиржам бўл, ўрнингга келадиган ўйинчининг йўли ёпилди
Яна қанча гол керак? Шомуродов энди ҳақиқий тўпурарлигини исботлаяпти...
Ҳусанов ҳақидаги хушхабарга қандай реакция бўлди?
Мбаппе Шомуродовнинг ўйинларини кузатяптими?
“Манчестер Сити”нинг Ҳусанов бўйича якуний қарори маълум бўлди



Фикрлар