Луис Энрике “Реал”дан норози юлдузни олиб кетмоқчи
Франциянинг амалдаги чемпиони “Пари Сен-Жермен” бош мураббийи Луис Энрике жамоасининг ҳужум чизиғини кучайтиришга эҳтиёж сеза бошлади.
Sport.es сайтининг ёзишича, парижликлар Луис Энрикенинг бу талабини қондириш учун қишки трансферлар даврида “Реал”да етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаётган бразилиялик легионер Эндрикни мавсум охирига қадар ижарага олмоқчи.
Маълум бўлишича, ПСЖ раҳбарияти илгари ҳам Эндрикнинг фаолиятини кузатиб келган ва ўйинчи “Қироллик клуби”га ўтмасидан олдин уни трансфер қилишга уринган.
“Реал” хўжайинлари 19 ёшли ҳужумчи ўйин амалиётига эга бўлиши учун уни ижарага жўнатишга тайёр. Қизиғи шундаки, мадридликлар Эндрикни айнан ПСЖга ўтишига қарши чиқяпти. “Қироллик клуби” мутасаддилари футболчига “Ювентус”, “Реал Сосьедад” ва “Вест Хэм” вариантларини таклиф қилмоқда.
Жорий мавсумда “Реал” бош мураббийи Хаби Алонсо бразилиялик футболчини бирорта учрашувда майдон туширмади. Эндрикнинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзигача давом этади.



Фикрлар