
Гюндоған “Сити”дан кетишининг асл сабабини очди
“Манчестер Сити”нинг энг машҳур футболчиларидан ҳисобланган Илкай Гюндоған жамоани тарк этиб, Туркия чемпиони “Галатасарой” таркибига бориб қўшилди.
34 ёшли ярим ҳимоячи Манчестердан кетиши сабабларини очиқлаб, мухлислар билан хайрлашди.
- Қадрли “шаҳарликлар”, мен сизлар билан очиқ-ойдин мулоқот қилмоқчиман. Кетишимнинг асл сабаби – ҳали ҳамон кўпроқ футбол ўйнашни исташимдир. Чунки мунтазам футбол ўйнашни ҳамма нарсадан кўпроқ яхши кўраман.
Тез орада 35 ёшга тўламан. Лекин ўзимни жисмонан жуда яхши ҳис қиляпман ва Чемпионлар лигасида иштирок этадиган жамоада юқори даражада ўйнай олишимга ишонаман.
Бундан ташқари, болалигимдан севган жамоамга ўтиш имкони туғилди. Бу мамлакат ва жамоа мен учун жуда кўп нарсани англатади.
“Манчестер Сити” ажойиб даврдан кейин янги эрани бошлашга эҳтиёж сезяпти. Мен буни тўғри тушунаман ва ҳурмат қиламан. Бу клуб узоқ йиллар давомида мен учун нималар қилганини ҳеч қачон унутмайман. Клуб ва Манчестер шаҳри доим қалбимда қолади.
Ҳар бир жамоадошим, клуб директорлар кенгаши раиси, барча мухлислар ва албатта, Хосеп Гвардиолага чуқур миннатдорлигимни билдираман. Мен “Сити”ни миннатдорлик билан тарк этяпман. Оилам номидан ҳаммага раҳмат айтаман, - деди Илкай Гюндоған.
Фикрлар