
19 ёшли икки футболчи ҳалок бўлди
Италия футболига оид нохуш хабар чиқди. Содир бўлган автоҳалокатда икки нафар ёш ўйинчи қурбон бўлди. Бу ҳақда Италиянинг Friulioggi.it сайти хабар тарқатди.
Фожеа Порденоне провинциясидаги Фризанко ва Маньяго туманларини боғлаб турувчи туннелда рўй берган. Авария оқибатида “Маньяго Вайонт” клуби ўйинчилари Фабио Роза ва Данило Бос воқеа жойида вафот этди.
Манбага кўра, футболчилар кетаётган машинани уларнинг дўсти бошқарган ва у оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Авария иштирокчиси бўлган бошқа машина 72 ёшли аёл бошқарувида бўлгани айтилмоқда. У ҳам зудлик билан касалхонага етказилди.
“Маньяго Вайонт” клуби футболчиларнинг ўлимини тасдиқлаб, уларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди.
Фикрлар