Мирко Еличич: "Тимур футболчилигидаёқ мураббий эди"
- Бугун, 07:36
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
Суперлиганинг 8-турида "Локомотив" "Навбаҳор"га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Мазкур учрашувдан кейин "Локо" бош мураббийи Мирко Еличи матбуот анжуманида иштирок этди. Бу хусусида клуб матбуот хизмати маълум қилди.
- Исталган одам бу ўйинни кўрса, ҳа икки голни уриб, осон ютибди дейиш мумкин. Бу ўйинни таҳлил қилиш қийин. Жамоамдан миннатдорман. Улар яхши курашишди. Бизга шунчаки вазиятлардан фойдаланиш етишмаяпти. Бу борада ишлашимиз керак. Бунда одам ҳам керак. Лекин ўйин бобида кўплаб ижобий ҳолатларни кўрдим. Буларнинг ичида фақатгина натижа қониқарли бўлмади.
- "Навбаҳор" икки гол уриб олгандан кейин эътиборни ҳимояга қаратди. Табиийки "Локомотив" ҳужумкорликни оширди. Менимча, жамоа ҳеч бўлмаганда бир голга лойиқ эди. Бу гол учун нима етишмади?
- Машғулотда гол урсангиз, бу ўйинда ҳам бўлади, дегани эмас. Менга ҳимоядаги тўп билан ўйинимиз маъқул келган бўлса, тўпсиз ўйинимиз ёқмади. Иккита хатога йўл қўйдик ва бу ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу ўйиннинг бошидаёқ бўлгани афсусланарли ҳолат. "Навбаҳор" футболчиларида тезлик бор ва улар бундан фойдаланишлари керак. Балки бу баъзан зарарга ҳам ишлаши мумкин. Улар ҳар бир ўйиннинг бошланишини шундай ўтказишмоқда. Ўзимизга келадиган бўлсак, биз тўпни ушлаб туриш орқали ўйинни назорат қилишни истаймиз. Рақиб ҳимояга ётиб олар экан, бу бизга қийинчилик туғдиради. Бу ҳолатни ҳам кўриб чиқиш керак.
- Пенальти ҳақида нима дея оласиз?
- Буни ўша пайтда кўрмадим, лекин ўйиндан кейин кўриб чиқамиз дедик. Футболчимизнинг айтишича, бу жуда кичик вазият ва кўп ҳолатларда бунга пеналти берилмайди. Ҳакам ушбу ҳолатда 100 фоиз аниқ қарор чиқаради, деб ўйлагандим.
- Сиз ўз вақтида Тимур Кападзега мураббийлик қилгансиз. Уни сиз ўз рамзий жамоангизга ҳам киритгансиз. Кападзенинг футболчилик ва мураббийлик салоҳиятини қандай баҳолайсиз?
- Тимур футболчилигидаёқ мураббий эди. Ўша пайтларда ҳам менинг олдимга келиб, кўп ҳолатларда мен билан баҳслашарди. Ўшанда унга мураббий бўлсанг, бемалол шундай қилавер дегандим. Ўйингача ҳам ўзига яраша тактикалар қиларди. Унинг мураббийлик салоҳиятини натижалардан билиш мумкин. Бироқ жамоанинг ичида қандай ишлаётганини билмайман. Унинг жамоалари ёмон эмас. "Олимпик" яхши жамоа эди, терма жамоа ҳам чиройли ўйин намойиш қилди. У ўз ишини яхши билади. Тимурга кейинги фаолиятига омад тилайман.
- Исломбек Баратов ва Муҳриддин Зоировга етарлича ўйин амалиёти берилмаяпти.
- Зоировда ҳали ўзини кўрсатиш учун имконият ва вақт етарлича. Олдимизда иккита вазифа бор: жамоа яхши натижалар қайд этиши керак, жамоа олдинга қадам ташлаши керак. Бунда ёш футболчиларнинг ҳам ўрни катта. Бирор футболчи бошқа жойга бориб, бирданига ўзи истагандек ўйин кўрсата олмайди. Чунки эски жамоасида у бошқача ўйин услубида ўйнаган. Муҳриддин Зоиров ҳақида ўтган ҳафта гапирдим. Темурхўжа Абдухолиқов ҳозир яхши ҳолатда ва уни нега алмаштиришим керак. Баратов эса бунгача "Машъал"да ўйнади. Ҳозир услуб бошқача ва бу унинг учун қийинчилик туғдирмоқда. Ислом - яхши футболчи, унинг ўйини менга ёқди. Шунчаки, бизда ҳозир унинг жойи учун бошқа вариантлар бор.
- "Бунёдкор" билан дербидан кейин Абдуллоҳ Йўлдошев билан ҳолат ҳақида гапирсангиз. Бу жамоанинг бошқа футболчиларига қандай таъсир ўтказди?
- Унинг кайфияти жуда яхши. Мураббийлар штаби ва раҳбарият футболчи билан гаплашиб олдик. Ёш футболчилар, уларда бундай қизиққонлик бўлиб туради. Шунчаки, бу ҳолатга бошқа шаҳслар ҳам аралашиб кетган. Икки ёш йигит тортишиб қолса, буни тушунса бўлади. Лекин бунга ёши катталар аралашса, буни ассоциация кўриб чиқиши керак. Бу аслида чиройли ҳолат эмас. Лекин ёши катталарнинг аралашгани ҳам ишни ҳунуклаштирган. Бундай бўлиши керак эмасди. Икки футболчи ҳам ўзига яраша дарс олган. Футбол ҳам оила каби. Бунда ҳам хатолар бўлиб туради. Муҳими - бу хатодан хулоса чиқариш. Умид қиламанки, у бундан хулоса олган.