
Ямал ёшига ярашмаган маош оляпти
“Барселона” спорт директори Деку жамоа юлдузи – 17 ёшли Ламин Ямалнинг янги шартнома бўйича маоши ҳақида гапирди.
Бир ойдан кейин Ямал 18 ёшга тўлади ва клуб билан тузилган янги битим бўйича ҳар йили 15 миллион евродан маош ола бошлайди. Бу сумма кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Деку шу масалага ойдинлик киритди.
- Ламин Ямал – бир неча йилда бир туғиладиган ўйинчилар тоифасига киради. У нафақат маҳоратини, балки ўйини ёшига нисбатан анча етук даражада эканини намойиш қилиб келмоқда.
Ламиннинг ёши 17 дами, 27 ёки 30 дами, бунинг фарқи йўқ. Ҳаммага бир хил ҳурмат-эътибор кўрсатиш керак. Ўйинчи шартномани узайтирар экан, клубга нима бераётганига қараб баҳоланади. Унинг қандай ўйнаётган муҳим.
Мен Ламин Ямал ўз ишини мукаммал даражада уддалаяпти, деб ҳисоблайман, - деди Деку.
Якунланган мавсумда Ламин Ямал барча турнирларда 55 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 18 марта ишғол қилди ва жамоадошларига 25 та голли узатма берди. Унинг янги шартномаси 2031 йилнинг ёзигача давом этади.
Фикрлар