Улуғбек Бақоев: "Табатадзени таклиф қилганимда унинг статистикасига унчалик қарамадим"

  • 2 август, 01:09
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

"Бухоро" клуби иккинчи даврани мағлубият билан бошлади. Жамоа Қаршида ОКМКни қабул қилди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувдан кейин "Бухоро" бош мураббийи Улуғбек Бақоев клуб матбуот хизматининг саволларига жавоб берди.

Tecno

- Бугунги ўйин билан мавсумнинг иккинчи давраси старт олди. Ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

-  Биринчи таймда гол уришимиз керак эди, аммо қулай имкониятлардан фойдалана олмадик. Рақиб эса икки марта яхши вазиятга чиқиб, иккита гол урди. Футболда шунақа: сен урмасанг, сенга уришади.

- Давралар оралиғида “Бухоро” сафига янги футболчилар қўшилди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Биринчи даврадаги ўйинимизни таҳлил қилган ҳолда янги футболчиларни таклиф этдик. Ҳужумни якунлаш ва ярим ҳимояда муаммоларимиз бор эди. Шу боис ҳужумчи ва ярим ҳимоячиларни қўшиб олдик. Ўйлайманки, янги футболчиларимиз ўзларини кўрсатади. Ҳаммага вақт берамиз, лекин ким кучли бўлса, ўша майдонга тушади.

- Табатадзе 12 та ўйинда атиги 1 та гол урган. Бу сизни хавотирга солмайдими?

- Гол уриш бўйича омадсизлик кўп ҳужумчиларда учрайди, бунга нормал қараш керак. Балки Табатадзенинг ўйин томонлама фойдаси кўпроқдир. У ҳимоячиларни чалғитиб, голни бошқалар уришига ҳам ёрдам беради. Тўғри, ҳужумчи гол уриши керак, аммо жамоа учун ўйнаш ҳам жуда муҳим. Шу сабаб уни таклиф қилганимда статистикага унча қарамадим.

- Асосий муаммо ҳужум чизиғидами?

- Муаммолар бор, лекин айтганимдек, гол уришимиз керак. Машғулотларда ҳамма яхши ишлаяпти, ҳар бир ҳужумчи ўзини кўрсатишга интиляпти.

- Футболчи даврингизда жуда шиддат билан ўйнардингиз. Ҳозир жамоада бу етишмаётгандек. Сабаби нима?

- Менимча, бу футболчиларнинг психологиясига боғлиқ. Жамоада турли типдаги футболчилар бўлади: кимдир агрессив, кимдир тинч, кимдир техникаси юқори, кимдир жуда тез ва ҳоказо. Биз эса турли характердаги футболчилардан ягона жамоа яратишга ҳаракат қиламиз.

- Шоҳруз Норхоновнинг кетиши ҳақида нима дея оласиз?

- Норхонов жуда яхши футболчи, аммо фаолиятини бошқа жойда давом эттиришга қарор қилди. Биз унинг қарорини ҳурмат қилдик. Унга омад тилайман ва биз билан ишлагани учун миннатдорчилик билдираман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!