
Суҳроб Иззатов: "Подадан аввал чанг чиқармайлик"
Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби айни кунларда Туркияда янги мавсум олдидан ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. SPORTS.uz сайти "қалдирғочлар" ярим ҳимоячиси Суҳроб Иззатов билан боғланиб, фикрлари билан қизиқди.
– Антальядаги йиғин қандай кечмоқда?
– Йиғин яхши ўтмоқда. Икки маҳал машғулот қиляпмиз. Яхши савиядаги жамоаларга қарши назорат учрашувлари ўтказдик. Ҳар томонлама яхши шароитлар яратилган. Биринчи ўйинимизда Конференциялар Лигасида қатнашадиган клубга қарши майдонга тушди. Бугунги "Бунёдкор" янги шаклланаётган жамоа. Навбатдаги баҳсларда ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
– Жамоани бир нечта етакчи футболчилар тарк этди. Биламиз, "Бунёдкор" совринли ўринлар учун курашадиган клуб ёки "қалдирғочлар"нинг мақсади ўзгардими?
– Тўғри, жамоани етакчилар тарк этди. Уларнинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қиламиз. Жамоамиз доим кучли учликда бўлишни хоҳлайди. Бу мавсум ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Қолаверса, академиядан кўзи ёниб турган ёш футболчилар чиқмоқда.
– Футболчиларнинг кетишига молиявий муаммолар сабабми?
– Йўқ, бундай, деб ўйламайман. Раҳбарият шунчаки жамоани ёшартириш мақсадида уларга рухсат берди. Молиявий қийинчиликлар сабаб эмас. Ҳозирда барча тўлов пуллари тўлаб берилган.
– Сизга ҳам бошқа жамоалардан таклифлар бўлдими?
– Ҳа таклифлар бор эди. Аммо "Бунёдкор"да қолишга қарор қилдим. Сабаби, жамоа билан яна бир йиллик шартномам бор. Янги мавсумда бунданда яхшироқ ўйнаб, легионерга айланмоқчиман. Худо хоҳласа, қўлдан келганча клубга ёрдам бераман.
– Янги мавсумда қайси жамоаларни чемпионлик учун курашда етакчи, деб ҳисоблайсиз?
– Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Подадан олдин чанг чиқармайлик. Бу йил кўплаб клублар кучайди. Менимча, интригага бой мавсум бизни олдинда кутиб турибди. Назарий жиҳатдан кўп жамоалар бир хил кучга эга, амалда эса кўрамиз ...
– "Бунёдкор"да аввалдан савияли ярим ҳимоячилар тўп тепган. Бу борада клуб ярим ҳимоячилар билан алоҳида шуғилланадими?
– Ўйин услубимиз майда пасларга қурилган. Бунда ярим ҳимоячиларнинг ўрни катта. Шунинг учун ҳам марказда доим савияли футболчилар ҳаракат қилган. Машғулотларда буни устида ишланади. Булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган.
Жалолиддин Қобилжонов суҳбатлашди.
Фикрлар