
"Ҳеч қанақа баҳонага ўрин йўқ" - Алиқулов "Машъал"нинг ўта йирик ҳисобдаги мағлубиятига қандай изоҳ берди?
Суперлиганинг 14-турида “Машъал” Наманганда “Навбаҳор”га қарши учрашувда ўз дарвозасидан жавобсиз 6 та гол ўтказиб юборди. Натижада муборакликлар 6:0 ҳисобида мағлубиятга учради.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Ўйин бошидан мувозанатни йўқотдик ва гол ўтказиб юбордик. Бугунги мағлубият учун мухлисларимиздан узр сўраймиз. Ўйинни жуда ёмон бошладик. Кейинчалик ўйинга киришишга ҳаракат қилдик. Қарши ҳужумда яна голлар ўтказиб юбордик. Мураббий томонлама таркиб танлашда ҳам хатога йўл қўйдик, десам тўғри бўлади.
- Бугунги ўйинда хатолар кўп бўлди. Бу нима билан боғлиқ?
- Хато – бу техник қобилият ёки босим остида футболчиларни тўп билан муомаласи, фикрлаши...”Навбаҳор”ни тезкор қарши ҳужумларида икки қанот футболчилари – Одилов ва Жиянов тезкорлиги ҳақида ўйинчиларимизга уқтиргандик. Лекин кўп тўп йўқотдик. Йигитлар босим остида ўйнай олишмади. Тўп йўқотишимиз натижасида “Навбаҳор”ни энг кучли қуроли бўлган қарши ҳужумларга тез чиқиб кетишига йўл қўйиб бердик.
- Ёзги танаффусда жамоани кучайтириш имконияти борми?
- Ҳамма вақт бу саволни таркибдан келиб чиқиб айтишади. Кучайтиришимиз шарт деган сўзни ҳар доим айтаман. Айрим чизиқларда футболчиларимизда тезлиги бўлса, бошқа қобилияти етишмайди. Суперлигада темп жуда баланд. Бунга дош бера оладиган ва босим остида ҳам ўйнай оладиган футболчилар зарур. Шу томонлама камчиликлар футболчиларимизда бор. Иккинчи даврада шу савияга мос футболчиларни олишимиз керак.
- Бундай ёмон ўйин кўрсатишингларга асосий сабаб нимада? Ҳолбуки, сафарда “Нефтчи” ва “Қўқон-1912”га қарши учрашувларда жамоа жуда яхши ўйин кўрсатганди.
- Буни чарчоқ ёки иссиқ об-ҳавони ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу қуруқ баҳона. Битта майдонда иккала жамоа ўйнади. Бу кўпроқ ўйинга тайёргарлик билан боғлиқ. Футболчиларни тайёрлашга ҳаракат қилдик. Барибир беллашув бошидан қаердадир мувозанат етишмади, тезлик борасида ҳам оқсадик. Тан олиш керак, голларда “Навбаҳор” футболчиларининг маҳоратини ҳам ҳисобга олиш керак. Бирга-бир ҳолатларнинг асосий қисмида улар ютиб чиқавердилар. Иккала қанот ўйинчилари жуда яхши ва тезкор ўйин намойиш қилдилар. Қандайдир биз тайёр эмасдек кўриндик. Тўпни назорат қилдик ва йўқотдик, натижада қарши ҳужумларда голларни ўтказиб юбордик. Ҳеч қанақа баҳонага ўрин йўқ. Биз ҳар томонлама “Навбаҳор”га ютқаздик.
- Фикрингизча, бу йилги Суперлигада кимлар фаворит ва кимлар лигани тарк этиши мумкин?
- Фаворитларни айтишим мумкин. “Насаф”, “Пахтакор”, “Нефтчи” ва “Навбаҳор”. ОКМКни ҳам ҳисобда чиқармаслик керак. Пастки қисмга келсак, иккинчи даврада кўпроқ қайси жамоалар кучаяди, кўп нарса шунга боғлиқ. Ҳозирдан бирор нарса айтиш қийин. Таркиб томонлама юқоридаги бешта жамоа ажойиб таркибга эга.
- Ўзбекистон Кубоги тўғрисида фикрларингиз қандай?
- Кубок мусобақасини кучли жамоалар тарк этди. “Нефтчи” билан ўйиндан кейин айтгандим, ҳамма учрашувлар ҳам ўхшайвермайди. Тайёргарлик кўрдик, қаердадир “Нефтчи” сусткашликка йўл қўйди. Бугунги ўйинга ҳам тайёргарлик кўрдик. Афсуски, умуман бошқа бўлди. Ўйинчиларимиз оддий ҳолатларда тўп йўқотишди, тўп узатишларида хатолик, шу боис ҳам ўйинларда олдиндан қайсидир клубни 100 фоиз ғалаба қозонади, деб айтиш қийин. Бешта жамоадан ташқари яна бошқа яхши клубларимиз ҳам бор. Улар ҳам хоҳлаган жамоа устида ютишлари мумкин.
- Бу йилги мақсад қанақа ва академиядаги ёшларни етиштириш қандай йўлга қўйиляпти?
- Селекция томонлама озгина қийин ҳолатда эди. Чунки жамоани Суперлигада қатнашиш ёки қатнашмаслиги охирги вақтларга тўғри келди. Шу сабабли биз кечроқ трансфер ишларига киришдик. Жамоасиз бўлган ўйинчилар билан таркибни тўлдирдик. Қиладиган ишимиз кўп. Ёшларимизга келсак, уларга эътибор қаратиляпти. Лекин ҳали Суперлига даражасига чиқиб ўйнай оладиганлари йўқ, буни тан олишимиз керак. Аммо бу томонлама иш олиб бориляпти. Ўйлайманки, яқин вақтлар ичида “Машъал” академиясидан ҳам ажойиб ўйинчилар етишиб чиқади. Мақсад – Суперлигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш.
- “Навбаҳор”ни ўрганганингизда режа қанақа эди?
- Бу учрашувга тайёргарлик кўришда босим уюштириш мақсади йўқ эди. Аста-секинлик билан бўшлиқни тўлдириш керак эди. Биринчи вазият бизда бўлди. Бирга-бир чиқдик, аммо гол ура олмадик. Ўша ҳолат ўйинда бурилиш ясаши мумкин эди.
- Тезкор гол жамоангиз руҳиятига қанчалик таъсир қилди?
- 3:0 дан кейин ўйин ҳал бўлди. Орадаги савия борасида ҳам қийин. Руҳий томонлама ҳам биз ўйинга қайта олмадик. Ҳаракат қилдик, бироқ бўлмади. Гол урсак балки яна иштиёқ ошиши мумкин эди. Лекин гол ура олмадик.
- Клубга эътибор қандай ва ички муҳит қай даражада?
- Шу ҳақида кўп савол беришади. Ҳомий томонлама ҳеч қанақа муаммо йўқ. Маош ва мукофот пуллари ҳам ўз вақтида. Жамоанинг ўйинларга етиб келишида ҳам муаммо йўқ. Ички муҳит ёмон эмас. Кўп ротацияга қўл уряпмиз. Кўп футболчилар буни тушунишга ҳаракат қилади. Айримлари тушунмасликка ҳаракат қилади. Асосийси, муҳит ёмон эмас. Мағлубиятни эсдан чиқариб, кейинги ўйинга тайёрлашимиз қолди.
Фикрлар