
"Шўртан"га ҳавас қилиб бўлмайди ёхуд Суперлиганинг 7-туридаги 7 та жиддий қарама-қаршилик
26-28 апрель кунлари Суперлиганинг 7-тур учрашувлари ўтказилади. "Динамо" - "Нефтчи" беллашуви бошқа кунга қолдирилди. Шу боис 7-турда 7 та жуфтлик иштирокидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз.
26 апрель
18:00. “Қўқон-1912” – “Хоразм”
Про лигадан Суперлигага йўл олган ушбу жамоалар бу сафар Қўқонда куч синашишади. Қизиқ тўқнашув. “Қўқон-1912” ҳам, “Хоразм” ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Урганчликлар ўтган турда “Бунёдкор”га қарши очиқ футбол намойиш қилди ва ғалабага яқин келди. Қўқонликлар ҳам анойилардан эмаслигини кўрсатяпти. Бир-бирига муносиб рақиблар. Ҳозирча имкониятлар тенг.
19:00. “Машъал” – “Сурхон”
Термизнинг “Сурхон” клуби ўз ўйинини шакллантириб боряпти ва тобора сифатли футбол намойиш қиляпти. Лекин статистик натижалар бир хил. Иккаласида иккитадан ғалаба ва тўрттадан мағлубият бор. Албатта, “Машъал”га қараганда, “Сурхон”да имконият кўпроқдек туюлмоқда. Бизга эса муборакликларнинг термизликларга қандай ўйин таклиф қила олиши қизиқ.
20:15. “Сўғдиёна” – “Андижон”
Турнинг марказий ўйинларидан бири Жиззахда ўтказилади. “Сўғдиёна”нинг бу сафарги рақиби “Андижон” ҳисобланади. Ўтган тур иккала жамоа учун омадсиз ўтди. Жиззахликлар сафарда ОКМКга қарши баҳсда ғалабани қўлдан чиқарди ва аламли тарзда ютқазди. “Андижон” эса уйида охирги дақиқада ўтказиб юборилган гол эвазига “Динамо”га аламли мағлубиятга учради. Энди “Сўғдиёна” ҳам, “Андижон” ҳам Жиззахда фақат ғалаба учун кураш олиб борадилар. Табиийки, ҳозирча имкониятлар тенг.
27 апрель
18:00. “Пахтакор” – “Шўртан”
“Шўртан”га ҳавас қилиб бўлмайди. Суперлигада биргина ғалабасиз қолган жамоа ғузорликлар бўлиб турибди. Навбатдаги турда эса Анвар Бердиев жамоаси Тошкентда “Пахтакор”га қарши майдонга тушади. Шубҳасиз, фаворит “Пахтакор”. “Шерлар” шу кунгача 4 та мағлубиятга учраб, мухлисларини ранжитганди. Аммо ўтган турда Фарғонада “Нефтчи”ни 4:0 ҳисобида тор-мор келтиргани эътиборга молик воқеа. Эндиликда уларда кайфият ҳам, иштиёқ ҳам юқори даражада. “Шўртан”га тажриба етишмаётгани кўриниб турибди. “Пахтакор” билан ўйинда Анвар Бердиев жамоасига оғир бўлади. “Шерлар”га энди очко йўқотишга ҳаққи йўқ, шу жумладан “Шўртан”га ҳам.
18:00. “Навбаҳор” – “Бухоро”
Сергей Лушчан жамоасини бу турда “Бухоро”га қарши учрашув кутиб турибди. Улуғбек Бақоев жамоасида 2 ғалаба ва 4 мағлубият бор. “Навбаҳор”да ғалаба, дуранг ва мағлубият 2 тадан. Бақоев олдинлари Намангандан ўзига керакли натижалар билан қайтгани ёдимизда. “Бухоро” “Навбаҳор”га қарши катта эҳтимол ёпиқ ўйин кўрсатиб, аввало гол ўтказмаслик вазифасига мустаҳкам туради ва қарши ҳужумларда омадини излайди.
20:15. “Насаф” – “Қизилқум”
Ўзбекистон Кубогида “Насаф” Олмалиқда ОКМКни 0:2 га ютаётиб якунда 3:2 натижаси билан аламли мағлубиятга учради. Лекин чемпионатда Рўзиқул Бердиев жамоаси ҳали ютқазгани йўқ. “Қизилқум” Қаршида иккинчи рақамли жамоа бўлиб ўйнайди. Нафақат “Қизилқум”, балки деярли барча клублар “Насаф” майдонида айнан иккинчи рақам остида тўп суришлари ҳақиқат ва у ердан очко қўлга киритиш ғалабага тенг.
28 апрель.
19:00. “Бунёдкор” – ОКМК
7-турнинг марказий ўйинига қизиқиш юқори. Мағлубиятсиз одимлаётган икка жамоа кучли учликдан жой олишган. ОКМК мусобақа пешқадами бўлиб турган бўлса, “Бунёдкор” рақибидан 4 очко кам жамғариб учинчи поғонада. Очиқ, ҳужумкор, жанговар ўйин намойиш этилиши кутиляпти. “Бунёдкор” Илёс Зейтуллаев бошқарувида янгича ўйин услубига эга бўлиб боряпти. Миржалол Қосимов эса ОКМКда ўзи хоҳлаган футболни қуриб, унинг натижасини кўряпти. Рости, имкониятлар мутлақо тенг.
Фикрлар