
"Рубин" Ашурматовга ўринбосар топди
"Рубин" қишки трансферлар ойнасида айрим футболчиларни қўйиб юбормоқчи. Таниқлик инсайдер Иван Каровнинг маълум қилишича, жамоа 5 футболчини сотиш ёки ижарага беришга тайёр. Улар орасида ҳамюрларимиз Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев ҳам бор.
"Ашурматов 2 йил давомида асосий таркибга кира олмади ва рақобатни бой берди. Унга Яқин Шарқ клубларидан қизиқиш бор, аммо Қозонга ҳозирча аниқ таклифлар келиб тушмаган.
Раҳмоналиев ўзининг иқтидорига қарамай, захира футболчисига айланди. 21 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсум РПЛда атиги 84 дақиқа ўйнади. Шу боис Қозон футболчини доимий ёки ижарага қўйиб юборишга тайёр.
Ўзбекистоннинг “Навбаҳор”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Нефтчи” клублари Умаралини ўз сафига қўшиб олмоқчи, лекин у ватанига қайтишни истамайди. Футболчи Туркия ва Австралиядан вариантлар қидирмоқда", - дея ёзди Карпов.
Қозонликлар хорватиялик истеъдодли футболчи Крешимир Кризманич қизиқиш билдирмоқда. 24 ёшли марказий ҳимоячи Хорватиянинг биринчи лигасида иштирок этувчи "Горица" клуби шарафини ҳимоя қилади. Кризманич жорий мавсум 19 та ўйинда иштирок этиб, иккита гол урган ва битта самарали узатмани амалга оширган. Рашид Раҳимов ушбу футболчини таркибда кўришни истамоқда. Катта эҳтимол билан у Ашурматовнинг ўрнини эгаллайди.
Маълумот учун, иккала легионеримизнинг ҳам "Рубин" билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзида якунига етади.
Фикрлар