
Раньери Шомуродов ҳақида жиддий гапларни айтди!
А Серия ўйинлари якунланишига тўртта тур қолди. Демак, машҳур бош мураббий Клаудио Раньери “Рома” клубини бошқа ҳамкасбига топширишига шунча ўйин бор.
Олдиндаги рақибларнинг барчаси мусобақа жадвали биринчи қисмидан жой олган “Фиоретина”, “Аталанта”, “Милан” ва “Торино” каби жиддий жамоалардир.
Жамоа олдига финалга тенг тўртта ўйинда ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган. Шу орқали жамоа етти мавсумдан кейин Чемпионлар лигасига қайтиш имконига эга бўлади. Ўтган турда “Интер” майдонидаги ғалаба “Рома” ҳар қандай рақибни мағлуб этиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, 73 ёшли Раньери мавсум тугаши билан лавозимини топширишини айтган. Римлик мутахассис 4 май куни “Фиорентина”га қарши бўладиган ўйин олдидан жамоаси, хусусан, кейинги пайтда римликларнинг асосий ўйинчиларидан бирига айланган Элдор Шомуродов ҳақида ҳам гапирди.
Sports.uz портали Клаудио Раньерининг фикрларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
Жамоа ҳақида
Жамоамда ҳаммаси жойида. Фақат Пауло Дибаладан ташқари. Айрим жароҳатланган ўйинчилар ҳам сафга қайтди. Таркиб танлаш масаласи кўпроқ мен қўлламоқчи бўлган ўйин услуби ва албатта, биз тўқнаш келадиган рақибга ҳам боғлиқ бўлади.
Футболчилар орасида яхши тиклана олган ўйинчиларнинг таркибга кириш имкони кўпроқ бўлади. Жамоанинг дадиллиги ва жисмоний ҳолати узоқ давом этадиган чемпионатдаги курашда жуда муҳим аҳамият касб этадиган омиллардир.
Раньери ўзи ва футболчилар ҳақида
Ҳар доим айтаманки, ваъда беришни ёқтирмайман. Мен ижобий ва мақсад сари интилувчи одамман. Доим ўзимга танқид кўзи билан қарайман, ўзимни янада яхшироқ қилишга уринаман. Худди шу муносабатни ўйинчиларидан ҳам талаб қиламан.
Охирида биз қилган ҳаракатларимиз натижасини кўрамиз ва ўшанда бу ишни бошқачароқ қилсак бўларкан, деб афсус-надомат чекмаслигимиз керак. Бунақа фикрлар мусобақа жадвалида очко келтирмайди. Керакли балларни диққатни жамлаш ва қатъият билан қўлга киритиш мумкин холос.
Артём Довбик ҳақида
Артём Довбик А Серияга тўғри келмадими? Мен унга ҳали ҳам ишонаман. У катта ўсишга эришди, лекин ҳали ўрганадиган нарсалари жуда кўп. Бу яхши трансфер, чунки Ла Лига тўпурари бўлиш жуда кўп нарсадан далолат беради.
Футболда янги муҳитга осон мослашадиган ва кўникиши учун кўпроқ вақт сарфлайдиган ўйинчилар бўлади. Эдин Жекони эсга олишимиз мумкин. Дебют мавсумида ҳеч нарса қила олмаган ҳужумчи кейинги йилларда жамоага жуда кўп наф келтирдир. Шу боис, Довбикнинг жамоадаги биринчи йилини ижобий баҳолаш мумкин. Унда янада ўсиш имкони бўлгани учун янада яхшироқ ўйнашини талаб қилаверамиз.
Бош мураббийлик ҳақида
Мени Чемпионлар лигасига чиқиш ҳам, катта маош ҳам бош мураббийликда олиб қололмайди. Мен жамоани яхши кўраман, ички худбинлигим яна бир йил жамоада қолишга ундаяпти,лекин бу “Рома” учун жуда катта хато бўлади. Шу боис, мен қолиш таклифига “йўқ”, деяпман.
Янги мураббий келади ва ишлаш учун вақти ҳам бўлади. Мен бу ерда бир йил қолганимдан кўра, янги мутахассис бу вақтни жамоани ўрганишга сарфлагани маъқул. Ўзим эса, агар ёрдам сўраса, унга кўмаклашаман.
Шомуродов ва Довбикни яна бирга ўйнатиш ҳақида
Артём Довбик ва Элдор Шомуродовни илк дақиқалардан бирга ўйнатиш сизлар ҳар доим сўрайдиган вариантлардан. Балки мен бу ҳақида керагидан кўп ўйлагандирман.
Лекин улар ҳужумда икки кишими, уч ёки тўрт киши бўладими, ҳар қандай вазиятда ҳам самарали ўйнай оладиган форвардлардир. Бу икки ҳужумчи бир бирини тўлдира олади ва жамоага катта ёрдам беради. Шундай экан, олдиндаги учрашувлар арафасида уларни бошланғич таркибда бирга майдонга тушириш ҳам яхши вариант ҳисобланади.
Шомуродов ҳақида
Элдор Шомуродов жамоанинг муҳим ўйинчиси бўла оладими? Элдор ҳозирнинг ўзида “Рома”даги асосий фигуралардан бири. У жамоага фойда келтириш учун борини бериб ўйнайди, югуриб тўхтамайди.
Менинг футболдаги фалсафамнинг ўзи ҳам шундай: ҳар бир ўйинчи майдонда бор имконини ишга солиши, охиригача курашиши керак. Мен Элдорни айнан мана шу хусусияти учун яхши кўраман. У тилла бола.
Табиийки, ўйин давомида айрим хатоларга йўл қўяди. Лекин Элдор ҳеч қачон тўхтамайди. Охиригача курашади ва ҳаммага босим ўтказади. Майдоннинг бошқа бурчагига бориш керак бўлса, ўша ергача етиб бориб, курашга киришади.
Бир сўз билан айтганда, Элдор ўзини ишга тўлиқ бағишлайдиган йигит, ва шунинг учун ҳам римлик мухлислар уни яхши кўради ва доим кўрсатаётган ҳаракатлари учун Шомуродовдан миннатдор бўлиб келмоқда, - деди Клаудио Раньери.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2021 йилдан бери “Рома” ўйинчиси ҳисобланади. Орада икки маротаба “Специя” ва “Кальяри”да ижарада ўйнаб келди. Жорий мавсум Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори учун “Рома”даги фаолияти давомида энг муваффақиятлиси ҳисобланади.
29 ёшли ҳужумчимиз 2024-2025 йилги мавсумда А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида жами 33 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини етти бор ишғол қилди ва жамоадошларига тўртта голли пас узатди.
Шомуродовнинг “Рома” клуби билан амалдаги шартномаси бир йилга узайтирилиб, легионеримиз 2027 йилнинг ярмигача Римда қолиши белгиланган.
Ҳусановни ўйнатмаётган Гвардиола “Сити”дан кетишини айтди!
“Манчестер Сити” афсонаси Ҳусановнинг кетишига қарши!
Шомуродов мухлисларига катта хушхабар!
Файзуллаев ЦСКАдан кетиши ҳақида гапирди
Шомуродов урган голнинг қиймати баланд бўлиб чиқди!
Шомуродовга фанатлар янги талаб қўйди!
Фикрлар