
Ўзбекистон Кубоги чорак финал олдидан: реванш учун зўр имконият ёхуд Жиззахдаги ўйин "ёнади"
Бугун Ўзбекистон Кубоги чорак финал баҳсларига старт берилади. 25-27 август кунлари давомида ярим финал иштирокчилари аниқланади. Ўйинлар битта баҳсдан иборат бўлиб, агар 90 дақиқа давомида ғолиб аниқланмаса қўшимча таймларга мурожаат қилинади ва унда ҳам кучлар тенг келса, пенальтилар сериясига ўтилади.
25 август
19:00. “Сўғдиёна” - “Навбаҳор”
4 та жуфтлик орасида энг принципиал ва марказий баҳс шубҳасиз бугун Жиззахда бўлиб ўтади. “Сўғдиёна” клуби ярим финал йўлида “Навбаҳор”ни қабул қилади. Бу жамоалар ўртасидаги ҳар қандай ўйин жуда қизиқарли ва ҳужумкор тарзда ўтиб келган. Айниқса, Кубок доирасида уларни ҳисоб-китоби бор. Қизиқ тарафи, ўтган йили айнан Ўзбекистон Кубоги чорак финалида улар Жиззахда тўқнашишган ва қўшимча дақиқалардаги голлар туфайли учрашув драматик тарзда кечган бўлиб, 2:3 ҳисобида “Навбаҳор” ғалаба қозонган. Натижада “Сўғдиёна” чорак финалда қолиб кетган. Тақдир тақозоси билан яна ўша клублар яна Жиззахда, яна чорак финалда тўқнаш келишмоқда. “Сўғдиёна” ва унинг устози Иван Бошкович ҳали ўтган йилги мағлубиятни унутмаган. Уларда реванш олиш учун имконият бор. Ҳа, “Навбаҳор”нинг мақсади аниқ: бу сафар Кубокни боши узра кўтариш. Ҳар қандай ҳолатда ҳам иккала жамоа бугун ярим финалга чиқиш учун ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатишса керак. Албатта, имкониятлар мутлақо тенг. “Сўғдиёна” кўзида қасос ўти "ёнмоқда". Лекин “Навбаҳор” ҳам жиддий рақиб. Бу тўқнашувни ўтказиб юбориб бўлмайди.
26 август
20:30. “Пахтакор” - “Машъал”
“Машъал”га ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, “Пахтакор”нинг ғалабасига кўпчилик ишонаётгани рост. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, “Машъал” Кубокни ютишда асосий фаворитлардан бири “Нефтчи”ни Фарғонада таслим қилиб, шу ергача етиб келди. Ўшанда ҳам “Машъал”нинг ғалабасига айтарли ҳеч ким ишонмаганди. Бироқ улар сенсация қайд этишди. Чорак финалда “Пахтакор”га қарши баҳсда ҳам муборакликлар яна сенсация кўрсата олишармикин?
27 август
18:30. “Динамо” - “Шўртан”
Табиийки, ушбу жуфтликда “Динамо” фаворит. Чемпионатда 3-ўринда бораётган Вадим Абрамов шогирдлари яққол аутсайдер бўлиб турган “Шўртан”ни қабуқ қилади. Ўйин томонлама ҳам “Динамо” рақибидан кучли. Чемпионатда биринчи даврада Ғузордаги учрашувда “Динамо” 1:3 ҳисобида ғолиб чиққан. Абрамов жамоаси ҳам Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишни мақсад қилган. Лекин битта ўйиндан иборат баҳсда ҳамма нарса бўлиши мумкин. “Динамо” рақибни менсимаса ўзига қийин бўлади.
19:00. “Бунёдкор” - “Бухоро”
Чемпионат доирасида иккала учрашувда ҳам “Бунёдкор” “Бухоро”га иккита гол урган ҳолда ғалаба қозонган. Энди эса жамоалар Ўзбекистон Кубогида ярим финал йўлланмаси учун кураш олиб боришади. “Бухоро” ҳимоявий жамоа ва ўйини асосан ҳимоявий футболга қурилган. Агар зич ҳимояланадиган бўлса, уни ёриб ўтиш “Бунёдкор”га осон бўлмайди. Бироқ “Қалдирғочлар” ушбу жуфтлик фаворити. Қолганини майдонда кўрамиз.
Фикрлар