
Моуриньо қишда ўз жамоасига “Реал” юлдузини олиб келмоқчи
“Фенербаҳче”га бош мураббийлик қилаётган Жозе Моуриньо клуб раҳбариятидан қишки трансферлар даврида таркибни кучайтиришни сўрамоқда.
Испаниянинг AS нашри маълумот беришича, португалиялик мутахассис “Реал”даги туркиялик ўйинчи Арда Гюлерни олиб келишни истаяпти.
“Қироллик клуби”даги кучли рақобат туфайли Арда Гюлерга етарли даражада ўйин амалиёти берилмаяпти. Шу боис, “Фенербаҳче” туркиялик мухлислар ёқимтойига айланган Арда Гюлерни мавсум охирига қадар ижарага олмоқчи.
19 ёшли футболчи жорий мавсумда барча турнирларда ўн маротаба майдонга тушиб, жами 291 дақиқа ўйнади ва самарали ҳаракатларни амалга ошира олмади.
Таъкидлаш жоизки, Арда Гюлер “Фенербаҳче”га бегона эмас. У клуб тарбияланувчиси ҳисобланади. Турк клуби ўз ўйинчисини 2023 йилнинг ёзида “Реал”га 20 миллион еврога трансфер қилганди.
Comments