
“Манчестер Юнайтед” юлдузларини ўтказмаган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?
Англия Премьер-лигаси тўртинчи турининг марказий учрашувларидан бири Манчестер шаҳрининг икки жамоаси ўртасида бўлди. Бу баҳс “Этихад” аренада бўлди.
Хосеп Гвардиола кадрлар муаммосига дуч келганига қарамай, аввалги турлардаги кетма-кет икки мағлубиятдан кейин жамоасини “Манчестер Юнайтед”га қарши баҳсга юқори даражада тайёрлай олганини намойиш қилди.
Учрашув тўлиқ “Сити” устунлигида ўтди. Мезбонлар таркибидаги энг катта ўзгариш дарвозабон билан боғлиқ. Хосеп Гвардиола муҳим учрашувда дарвозани қўриқлашни Жанлуижи Доннаруммага топширди.
Жароҳатдан қутилиб сафга қайтган Абдуқодир Ҳусанов олдинги турларда панд берган ўнг қанот ҳимоясидан ўрин олди. Ва айтиш жоизки, 21 ёшли легионеримиз ўз олдига қўйилган вазифани тўлиқ уддалади.
Англия футболини ёритиб келаётган нуфузли манбалардан бири – esteemedkompany.com портали экспертлари “Манчестер Сити” ўйинчиларининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.
Жанлуижи Доннарумма: 8.5/10
Италиялик голкипер дебют учрашувидаёқ ўз жарима майдончасида тўлиқ назорат ўрнатди ва иккита суперсейв ижро этди.
Абдуқодир Ҳусанов: 8/10
Асли марказий ҳимоячи бўлган Абдуқодир мудофаанинг ўнг қанотида тушганига қарамай, илк дақиқаларданоқ жуда зўр ўйнади. Хато қилган вазиятларда ҳам ўз камчилигини дарров тўғрилашни уддалади. Ҳимоя ҳаракатлари кўплиги (12 та) борасида Фил Фодендан кейин иккинчи кўрсаткични қайд этди. Бир неча маротаба рақибдан тўпни олиб қўйди. Ёш ҳимоячидан яна бир ажойиб ўйин.
Рубен Диаш: 7/10
“Манчестер Сити”даги аввалги учрашувларига қараганда ишончлироқ ҳаракат қилди. Ортиқча подкатлардан қочиб, ўз ишини хотиржам бажарди.
Йошко Гвардиол: 7/10
Мавсумдаги биринчи учрашувини яхши ўтказди. Жамоа ҳимоясига хотиржамлик ва барқарорлик олиб кирди.
Нико О’Рейли: 8/10
Чап қанот ҳимоячиси позицяда жуда фаол ўйнади. Ҳимояда барқарор ҳаракатланиш баробарида жамоасининг иккинчи голида муҳим роль ўйнади.
Родри: 6/10
“Олтин тўп” соҳиби ҳали юқори даражадаги ўйинларга тайёр эмас экан. Айниқса, биринчи бўлимда бир неча марта тўп йўқотди. Спорт формасини тиклашига вақт керак бўлади.
Бернарду Силва: 6.5/10
Фаоллик кўрсатганига қарамай, биринчи бўлимда ўйин темпига мослаша олмади. Иккинчи бўлимда Холандга голли пас узатди.
Тижани Рейндэрс: 6.5/10
Гол уриш имкониятларидан унумли фойдалана олмади. Иккинчи бўлимда ишончлироқ ҳаракат қилди.
Фил Фоден :10/10
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси. Майдон марказида ўйин темпини тўлиқ назорат қилди. Ҳисобни очишдан ташқари, жамоасининг иккинчи голида муҳим роль ўйнади. “Сити”га етишмаётган ўйинчи топилди.
Жереми Доку: 9.5/10
“Манчестер Сити”даги энг зўр ўйинини ўтказди. Иккита голли пас, фантастик тезлик ва совуққон ўйин билан олқишларга сазовор бўлди.
Эрлинг Холанд: 9.5/10
Ёрқин ўйин. Холанд ўз услубида ўйнаб, дубль қайд этди. Шунингдек, ҳимояга ҳам ёрдам берди, тўп билан рақиб футболчиларига хавф солиб турди. Супер ўйин.
Фикрлар