Левандовски Мадрид суперклубига ўтиб кетади
“Барселона”нинг энг зўр тўпурарларидан Роберт Левандовскининг клубдаги келажаги ҳамон мавҳум бўлиб турибди. Польшалик форварднинг шартномаси мавсум охирида якунига кетади.
Каталонияликларда 37 ёшли ҳужумчи билан келишувни яна бир йилга узайтириш имкони бўлса-да, спорт директори Деку бундан фойдаланмоқчи эмас.
Испаниянинг Sport нашри польшалик журналист Матеуш Свенцицкига таяниб маълум қилишича, Левандовски келаси мавсумни Мадрид суперклуби “Атлетико”да бошлаши мумкин.
Манбага кўра, мадридликлар бош мураббийи Диего Симеоне Роберт Левандовскининг имкониятларига юқори баҳо бермоқда. Левандовски олдида “Милан” варианти ҳам турибди. Италияликлар анчадан бери 37 ёшли ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш истагини билдириб келади.
- “Милан” захира варианти. Тушунишимча, Левандовски “Атлетико” ҳужум чизиғида Александр Сёрлотт билан бирга ўйнаб катта муваффақиятларга эришиши мумкин. Илгари Давид Вилья ва Луис Суарес каби юлдузлар “Барселона”дан “Атлетико”га кўчиб ўтган эди, - дейди Матеуш Свенцицки.
Сўнгги маълумотларда айтилишича, Левандовскининг ўзи “Барселона”да қолишни истаяпти. Тажрибали ўйинчи бунинг учун иккинчи даражали ролларни бажаришга ва маоши пасайтирилишига ҳам рози. Агар клубда қолиш имкони бўлмаса, Роберт Европадан бошқа вариантларни кўриб чиқади. Шунинг учун ҳам у Саудия Арабистонидан келган таклифларни қабул қилмаяпти.



Фикрлар