 
                Ҳусановнинг жароҳатдан кейинги биринчи ўйини қандай баҳоланди?
“Манчестер Сити” Англия лигаси кубогининг нимчорак финал учрашувини Уэльсда “Суонси Сити”га қарши ўтказиб, мусобақанинг кейиги босқичига чиқди.
Ушбу баҳснинг 12-дақиқасида мезбонлар турнирнинг саккиз карра ғолиби дарвозасини ишғол қилиб, манчестерликларни шокка туширди. Жош Кей Райан Айт-Нурини алдаб ўтиб, Гонсалу Франкога пас берди. Португалиялик ҳужум зарба беришда адашмади.
Бироқ учрашув охиригача тажриба ўз сўзини айтди. Хосеп Гвардиола шогирдларидан Жереми Доку, Умар Мармуш ва Райан Шерки биттадан тўп киритиб, “шаҳарликлар”нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Эътиборли жиҳати, Хосеп Гвардиола ушбу учрашувда бир ойдан кўпроқ даволаниб, сафга қайтган Абдуқодир Ҳусановни бошланғич таркибда майдонга туширди. Абдуқодир бу баҳсда 63 дақиқа тўп тепди. Ўзига берилган вақт давомида ҳамюртимиз ишончли ҳаракат қилган бўлса-да, бир марта хатога ҳам йўл қўйди. Ҳимоядан чиқишда Абдуқодирнинг жамоадошига узатган тўпи рақибга тушиб қолди. Хавфли зарбани Жеймс Траффорд маҳорат билан қайтариб, Ҳусановни салбий ҳолатдан қутқариб қолди.
Уэльсдаги ишончли ғалабадан сўнг, cityxtra.co.uk портали экспертлари Пеп Гвардиола шогирдларининг ўйинини қуйидагича баҳолади.
Жеймс Траффорд – 7.5:
Аъло ўйин. “Суонси”нинг биринчи голида айби йўқ, аммо ҳисоб 1:0 бўлганида Ҳусановнинг хатосидан кейин юзага келган вазиятда муҳим сейвни амалга ошириб, жамоани голдан қутқарди.
Рико Льюис – 7:
Ҳар доимгидек тор жойларда яхши ҳаракат қилди ва жамоага ёрдам берди. Гвардиола унинг аҳамияти ҳақида ўтган ҳафта “Вильярреал” билан ўйиндан кейин айтганди — бу гал ҳам шундай бўлди.
Абдукодир Хусанов – 6.5:
Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатдан кейин майдонга қайтгани ҳаммани хурсанд қилди. Учрашув давомида ишончли ўйнади, бироқ баъзи вазиятларда ишонч етишмагандек ҳаракат қилди. Лекин бу жароҳатдан қайтган ўйинчи учун табиий ҳол. Абдуқодир учун бу спорт формасини тиклаш йўлидаги жуда фойдали ўйин бўлди.
Натан Аке – 7:
Хатоларсиз, ишончли ўйин. Голландиялик ҳимоячи учун стандарт ва профессионал чиқиш.
Райан Айт-Нури – 7:
У ҳам жароҳатдан кейин қайтди. 63 дақиқа яхши ўйнади. Ҳужумда фаол бўлмади, аммо ҳимояда ишончли ҳаракат қилди.
Нико Гонсалес – 6.5:
Якуний зонада қарор қабул қилишда баъзи хатолар бўлди, аммо умумий ўйини яхши. У ўзини кўпроқ марказий ярим ҳимоячи сифатида қулай ҳис қилади.
Дивайн Мукаса – 5.5:
Иқтидорли ёш футболчи, аммо бу ўйинда деярли кўринмади. Барибир келажак учун катта салоҳиятга эга.
Райан Шерки – 9 (Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси):
Ўйиннинг энг ёрқин иштирокчиси. Франциялик футболчининг ўйини ҳайратланарли — гол ва ассист. Август ойида олган жароҳатидан кейин илк марта асосий таркибда ўйнади ва икки ойлик танаффусдан сўнг жамоа учун муҳим ўйинчи эканини кўрсатди.
Оскар Бобб – 6.5:
Ўйинга катта таъсир кўрсата олмади, баъзан тўпни йўқотди. Ҳозир форма жиҳатидан пасайиш даврида.
Умар Мармуш – 8:
Жуда фаол ва таъсирли ўйин кўрсатди. Бир гол урди ва яна бошқа имкониятларга эга бўлди. Эрлинг Холанднинг йўқлигида яхши ўйнади.
Жереми Доку – 8:
Биринчи гол муаллифи. Ишонч билан ўйнади, қанотда фаол ҳаракат қилди ва мавсумни завқ билан ўтказаётгани сезилди.
Йошко Гвардиол – 7:
Ишончли ўйин. Райан Айт-Нурининг ўрнига тушди ва чап қанотда яхши ҳаракат қилди. Ҳатто ассист ҳам қайд этди.
Фил Фоден – 7.5:
Формага кириб бормоқда. Олдинги “Астон Вилла”га қарши ўйинда энг кўп имконият яратганди ва бу сафар ҳам фаол бўлди.
Жон Стоунз – 6.5:
Ҳусановнинг ўрнига майдонга тушди. Формага қайтганидан хурсанд бўлиш мумкин. Ҳимояни мустаҳкамлаб, “Суонси”нинг сўнгги уринишларини йўққа чиқарди.
“Манчестер Сити” футболчилари Англия лигаси кубогининг чорак финал бочқичида “Брентфорд” билан куч синашади. Бу учрашув 17 декабрь куни “Этихад” аренада ўтказилади.
Ҳусанов хотиржам бўл, ўрнингга келадиган ўйинчининг йўли ёпилди
Яна қанча гол керак? Шомуродов энди ҳақиқий тўпурарлигини исботлаяпти...
Ҳусанов ҳақидаги хушхабарга қандай реакция бўлди?
Мбаппе Шомуродовнинг ўйинларини кузатяптими?
“Манчестер Сити”нинг Ҳусанов бўйича якуний қарори маълум бўлди



Фикрлар