
Гвардиола Ҳусанов “ғажиб ташлаган” юлдузни олиб келмоқчи
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола таркибни янгилаш, ёшартириш, авлодлар алмашинуви таъминаш ва кучайтириш орқали жамоасини яна совринлар учун курашадиган даражага олиб чиқишни мақсад қилган.
Бу галги авлодлар алмашинуви кутилмаганда анча эрта, 2025 йилнинг январидаги қишки трансферлар ойнаси даврида “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановни олиниши билан бошланди. “Шаҳарликлар” ўзбек футболчисини қўлга киритганидан кейин бир неча кун ичида жамоага “Палмейрас”дан Витор Рейс, “Айнтрахт”дан Умар Мармуш, “Порту”дан Нико Гонсалесни олиб келди.
Ёзда эса, трансфер сиёсати янада кучайди. Жамоага “Милан”дан Тижани Рейндерс, “Вулверемптон”дан Райан Айт-Нури, “Лион”дан Райан Шерки, “Русенборг”дан Сверре Нюпан, “Бёрнли”дан дарвозабон Жеймс Траффорд келиб қўшилди.
Шу билан бир қаторда “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ва спорт директори Уго Виана бошчилигидаги скаутлар гуруҳи таркибни кучайтира оладиган янгидан янги номзодлар қидиришда, уларнинг трансферларини уюштиришда давом этмоқда.
El Nacional нашрининг маълум қилишича, Хосеп Гвардиола ўз жамоаси учун “Барселона”нинг энг ёрқин иқтидорларидан бири Фермин Лопесни нишонга олди. “Манчестер Сити” раҳбарияти испаниялик ярим ҳимоячини олиш учун 60 миллион евро тайёрлаб қўйган.
Гвардиола Лопес ёрдамида жамоанинг ярим ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаб, ўйин динамикасини кўтаришни мўлжаллаётгани айтилмоқда.
Фермин Лопеснинг “Барселона”даги келажаги мавҳум бўлиб турибди. Ёш футболчи ўзига берилган вақт мобайнида сифатли ўйин намойиш қилган бўлса-да, ички рақобатнинг юқорилиги туфайли тобора иккинчи планга ўтиб қоляпти. Бу ҳолат Ферминнинг ўзига ҳам маъқул келмаяпти.
Чунки жаҳон чемпинонати остонасидаги мавсумда мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмаслик Фермин Лопеснинг Испания миллий терма жамоаси мураббийлаш штаби назаридан четда қолишига олиб келади. Шу боис, испан футболчиси уни лойиҳанинг муҳим бўлагига айлантирадиган гранд клублар билан ҳамкорлик қилиши эҳтимоли катта экани айтиляпти.
Гвардиолага Лопеснинг универсаллиги, ҳужум қила олиш ва рақиб жарима майдонига ёриб кириш қобилияти маъқул келган. “Сити” таҳлилчилари унинг ўйин характеристикаси жамоа услубига мос эканини таъкидлашмоқда. Қолаверса, 22 ёшли футболчи клубнинг таркибни ёшартириш сиёсатига ҳам мос тушиши муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун қизиқ томони шундаки, “Манчестер Сити”даги легионеримиз Абдуқодир Ҳусанов Фермин Лопес билан юзма-юз тўқнаш келгани ҳамманинг ёдида. 2024 йили Париж шаҳридаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ баҳсларида Испанияга рўбарў келган.
Гуруҳдаги учрашувда Абдуқодир Ҳусанов ҳимояда мустаҳкам туриб, “Барселона”дан Испания олимпия терма жамоасига жалб қилинган Фермин Лопесни анча қийнаб қўйган эди. Ўйин давомида улар орасида зиддият ҳам келиб чиққан.
Энди Хосеп Гвардиоланинг режаси амалга ошса, бу икки ёш иқтидор эгаси “Манчестер Сити” шарафини биргаликда ҳимоя қилиш имконига эга бўлади.
Comments