
Гвардиола Ҳусанов борасида якуний қарорга келди
Англия Премьер-лигасининг тўртинчи турини Манчестер дерьиси якунлаб беради. 14 сентябрга белгиланган учрашувда Хосеп Гвардиола шогирдлари ўз мухлислари кўз ўнгида “Манчестер Юнайтед” футболчиларини қабул қилади.
Икки ҳафта давом этган халқаро танаффус вақтида “Манчестер Сити”да жароҳатланганлар сони 13 тага етгани боис, кўпчиликни Хосеп Гвардиола дербига қайси таркибни тушириши қизиқтирмоқда.
Sports.uz портали “Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайтининг Хосеп Гвардиола танловига оид таҳлилий мақоласини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- “Шаҳарликлар”нинг принципиал рақиб – “Манчестер Юнайтед”га қарши учрашуви мавсумнинг қандай ўтишига таъсир қиладиган энг муҳим ўйинлардан бири ҳисобланади. Дербидан кейин “Сити” дарров Европа Чемпионлар лигасидаги юришини бошлайди.
18 сентябрда “Наполи”ни қабул қиладиган “Манчестер Сити” футболчилари икки кундан кейин Лондонда “Арсенал” меҳмони бўлади. Тиғиз вақтга қўйилган учрашувлар сериясини Англия лигаси кубоги доирасида “Хаддерсфильд” майдонидаги ўйин якунлаб беради.
Хосеп Гвариола халқаро танаффусдан кейин ҳам айрим етакчи ўйинчиларнинг аҳволидан хавотирда. Хусусан, Жон Стоунз ва Умар Мармуш даволанаётганлар рўйхатидан чиқарилгани йўқ, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk сайти эксперти Фредди Пай.
Ушбу манба “шаҳарликлар” Манчестер дербисида қайси ўйинчиларга суяниши мумкинлигини қуйидагича таҳлил қилди.
Дарвозабон:
Жанлуижи Доннарумманинг жамоага қўшилиши дарвозабонлар ўртасида рақобатни янада кучайтириши аниқ. Бироқ Пеп Гвардиола барқарорликни танлаган ҳолда яна Жеймс Траффордга ишонч билдириши эҳтимоли катта.
Ҳимоя:
Рико Льюис янги беш йиллик шартнома тузганига қарамай, ўнг қанот ҳимояси ҳамон энг нозик нуқта бўлиб қолмоқда. Бу гал бошланғич таркибда Матеуш Нуньеш ўйнаши кутиляпти.
Ҳимоя марказида Абдуқодир Ҳусанов ва Рубен Диаш тандемини кўрамиз. 21 ёшли ўзбек легионери “Брайтон” билан учрашувда олган жароҳатидан тўлиқ қутилди ва майдонга тушишга тайёр.
Чап қанотни Йошко Гвардиол ёпади. Унинг ўзи саломатлигини тиклаб олди ва шикастланган Райан Айт-Нури ўрнини эгаллайди. Бу Гвардиол учун мавсумдаги биринчи ўйин бўлади.
Ярим ҳимоя:
Таянч ярим ҳимоячи ўрнида “Олтин тўп” соҳиби Родрининг ўйнаши кафолатланган. Ўтган мавсумнинг катта қисмини жароҳат туфайли майдондан ташқарида ўтказган испан футболчиси энди тўйиб-тўйиб ўйнамоқчи.
Родридан юқорироқда тажриба ва қувватни уйғунлаштирган Тижани Рейндерс ва Бернарбу Силва тандемини ҳаракат қилади. Улар ярим ҳимоя марказини назоратга олиши талаб этилади.
Ҳужум:
Савио ва Фил Фоденнинг оёққа турганига қарамай, ўнг қанотдан ҳужум уюштириш масъулияти яна Оскар Боббга топширилиши мумкин.
Марказий ҳужумда ҳам Эрлинг Холанддан бошқа вариант йўқ. Холанд Молдова дарвозасига бешта тўп киритиб, голларга чанқоқ эканини кўрсатди.
Чап қанотда кўпчилик Жеремини Доку ўйнашини кутяпти. Бу футболчи ҳам халқаро танаффусда Бельгия терма жамоаси сафидаги ўйинларда яхши спорт формасида эканини намойиш қилди.
Тахминий бошланғич таркиб:
Жеймс Траффорд;
Матеуш Нуньеш, Абдуқодир Ҳусанов, Рубен Диаш, Йошко Гвардиол;
Родри, Тижани Рейндерс, Бернарду Силва;
Оскар Бобб, Эрлинг Холанд, Жереми Доку.
Захирадагилар: Жанлуижи Доннарумма, Рико Льюис, Жон Стоунз, Натан Аке, Нико Гонсалес, Нико О'Райли, Матео Ковачич, Савио, Фил Фоден.
Россияда Файзуллаевни эслаб қолишди...
Ҳусанов борми? Гвардиола кимлар ўйнамаслигини айтди
Кутиб олинг, Ҳусанов келди!
Ўзбекистон кутилмаганда жаҳон чемпионати фаворитлари рўйхатига киритилди, фақат...
ЕЧЛ олдидан Ҳусанов ва 12 футболчи “хавф” остида!
Ҳусановни танқид қилишди: “Ўйламай ўйнаяпти!”
Фикрлар