
Бизга Родриго керак эмас, бошқа зўри чиқди
Англия Премьер-лигасида охирги бир неча мавсумдан бери чемпионлик учун курашиб келаётган “Арсенал” янги чемпионат олдидан таркибини кучайтиришни мақсад қилган.
“Канонирлар” анча пайт “Реал”нинг универсал ҳужумчиси Родриго Гоэсга даъвогарлик қилди. Бразилиялик футболчи янги бош мураббий Хаби Алонсонинг муносабатини билиш учун бошқа клублардан бўлаётган чорловларга эътибор қаратмаётган эди.
Бу паллада “Арсенал” мутасаддилари Родриго вариантидан воз кечишга қарор қилди.
Лондон клуби энди Эберечи Эзени харид қилмоқчи. “Арсенал” вакиллари “Кристал Пэлас” ҳужумчиси билан музокараларни бошлаб юборди. Микель Артетага бу футболчининг универсаллиги ёқяпти.
27 ёшли Эзе ўтган мавсумда 17 та гол ва 11 та ассист қайд этди. Бу ҳужумчи жамоасининг ўз тарихида илк бор Англия кубогини қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этди.
Эберечининг “Кристал Пэлас” билан амалдаги шартномаси якунланишига бир йил қолгани уни трансфер қилиш имкониятини оширади.
Фикрлар