"Нефтчи" ва "Насаф"нинг "тахт" учун кураши авжига чиқмоқда ёхуд бугун Суперлигада навбатдаги турга старт берилади
Бугун Суперлигада 27-тур бошланади. Ҳамманинг эътибори чемпионлик учун курашда “Нефтчи” ва “Насаф”га қаратилган. Бу турда пешқадам ўзгарадими ёки “Нефтчи” бунга йўл қўймайдими?
30 октябрь
18:30. “Динамо” - “Хоразм”
Вадим Абрамов жамоаси бу сафар “Хоразм”ни қабул қилади. Гарчи “Хоразм” мусобақа жадвалида 14-ўринда бўлса-да, улар исталган жамоа учун жиддий рақибга айлана олади ва шу жумладан “Динамо”га ҳам. Ўтган турдаги мағлубиятдан кейин самарқандликлар медаллар учун курашдаги имкониятини бироз пасайтирди. “Хоразм”га плей-оффдан қочиш учун албатта ғалаба зарур. Қолганини ўйинда кўрамиз.
18:30. “Навбаҳор” - “Насаф”
Иккала жамоада ўзига яраша босим бор. “Навбаҳор”да муаммолар мавжуд. “Насаф” чемпионлик учун курашда ўтган турда Олмалиқда ОКМК билан дуранг ўйнаб, “Нефтчи”ни пешқадамга айлантириб қўйди. “Аждарлар”га чемпионликни ҳимоя қилиш йўлида ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Бу учрашувга руҳий томондан яхшироқ тайёрланган жамоа ғалабани илиб кетади. Наманганликларда молиявий муаммолар борлиги ҳақида кўпчилик гапирмоқда. Шерзод Жўраев жамоаси қаршисида “Насаф” тураркан, табиийки, оғир ўйин кутмоқда.
31 октябрь
18:30. “Шўртан” - ОКМК
12 очко билан охирги ўринга “михланиб” қолган “Шўртан” бу турда ўз майдонида Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК жамоасини қабул қилади. Фаворит албатта ОКМК клуби. Асрор Алиқулов жамоасида руҳий тушкунлик бор ва уларни лигада қолишига ҳеч ким ишонмаяпти. ОКМКга қарши баҳсда “Шўртан” босимдан ҳоли ўйнайди. Қосимов жамоаси рақибни кучини тўғри тақсимлаб, кучига тўғри баҳо берса, Ғузордан уч очко билан қайтади.
1 ноябрь
17:00. “Андижон” - “Бухоро”
“Бобур арена”да Ўзбекистон Кубоги финалида “Пахтакор”га 1:0 ҳисобида ютқазган “Бухоро” яна Андижонда қолди. 1 ноябрь куни Александр Хомяков собиқ клуби - “Андижон”га қарши майдонга тушади. Иккала жамоани турнир жадвалидаги ҳолати қониқарли эмас. “Бобур арена”да мухлислар яна жанг кўришади. “Андижон”га ҳам, “Бухоро”га ҳам фақат ғалаба керак. Бу ўйинни кузатиш анча қизиқ кечади.
2 ноябрь
15:00. “Нефтчи” - “Сурхон”
Пешқадамга айланиб олган “Нефтчи” “Сурхон”ни ютишга мажбур. Бу йўлда фарғоналикларда босим бўлиши табиий. Термизликлар кучли рақибга қанчалик қаршилик кўрсата оларкин? Чемпионлик учун курашда “Сурхон” “Нефтчи”дан очко тортиб олиб “Насаф”ни хурсанд қиладими? Виталий Левченко жамоаси навбатдаги финалга хос ўйинни ўтказади.
15:00. “Сўғдиёна” - “Қизилқум”
Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган бу жамоалар иштирокидаги баҳсда имкониятлар мутлақо тенг. “Сўғдиёна” ҳужумкор ўйин намойиш қилади. “Қизилқум” қарши ҳужумда рақибни жазолаш пайида бўлса керак. Ҳар ҳолда очиқ ўйин намойиш қилиш анча таваккал иш ҳисобланади.
17:15. “Машъал” - “Қўқон-1912”
“Шўртан”дан бир поғона олдидан бораётган “Машъал” 10-ўринда бораётган “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Муборакликлар ўз уйида ўтадиган ушбу ўйинда ғалаба қозониш имкониятини қўлдан чиқариб юбормаслик учун бор кучини ишга солиши турган гап. Лекин имкониятлар жамоаларда бир хил. “Машъал”га барқарорлик етишмаётгани эгаллаб турган ўрнидан маълум. Қўқонликлар эса охирги пайтларда мухлисларини хурсанд қиляпти.
3 ноябрь
18:30. “Пахтакор” - “Бунёдкор”
27-тур Тошкент дербиси билан якунига етади. Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган “Пахтакор” медаллар учун курашда “Бунёдкор”ни қабул қилади. Ўзига яраша қизиқарли ўйин бўлади ва турнинг марказий тўқнашуви сифатида ҳам баҳоланмоқда. “Пахтакор”да мотивация етарли, “Бунёдкор”да ҳам бу борада кам эмас. Ушбу учрашувда мураббийларнинг қўллайдиган тактикасига кўп нарса боғлиқ.



Фикрлар