"Бир йил ичида ҳар томонлама ўсишга эришдим" - Шерзод Эсанов "Акрон"даги фаолияти, терма жамоа ва кейинги тақдири ҳақида

CHERY AUTO

Россия премьер-лигасидаги легионерларимиздан бири Шерзод Эсанов “Акрон”даги дебют мавсумини ўтказди. Ёзги таътилда эса у Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғинида иштирок этди. Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда Sports.uz журналисти Эсанов билан суҳбатлашди.

Tecno

- Шерзод, деярли бир йил муқаддам “Акрон” клубига йўл олгандингиз. Айтингчи, у ердаги фаолиятингиздан қанчалик қониқиш ҳосил қиляпсиз?

- “Акрон” клубига ўтишим фаолиятимда катта қадамлардан бири бўлди, деб ҳисоблайман. Чунки у ерда ўтган бир йил мавсум ичида ҳар томонлама ўсишга эришдим, деб ўйлайман. Футболчи ва футболдан ташқари инсон сифатида ҳам бу борада ўсиш кузатилди, деган фикрдаман.

- Ўтган вақт давомида “Акрон”да 16 та ўйинда ўйнадингиз. Ҳозирча сиз учун энг эсда қоладигани қайси бўлиб турибди?

- Асосан Кубок учрашувларида бошланғич таркибда майдонга тушиб ўйнадим. Чемпионатда кўпроқ захирадан майдонга тушдим. Айнан қайсидир ўйинни алоҳида белгилаб кўрсатмайман. Негаки, мен учун ҳар бир учрашув ўзига хос тажриба ва ўзига хос ўйиндаги вазиятлари билан барчаси эсда қолди, десам ҳам бўлади.

- Ёзда сизни бошқа клубга ўтишингиз борасида гап сўзлар йўқ эмасди. Ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда сиз билан боғлиқ ўзгариш кўришимиз мумкинми?

- Ҳали бу мавзуга тўхталганим йўқ. Чунки чемпионат тугагач, мен дарҳол олимпия терма жамоамиз йиғинига қўшилдим. Бу нарса ҳақида ўйлаганим йўқ ва ўйлашни ҳам нотўғри деб ҳисоблайман. Мени бор эътиборим олимпия терма жамоамизнинг йиғини ва ўйинларига қаратилганди.

- Россия футболига мослашишда сиз учун энг қийини нима бўлди?

- Ҳар бир чемпионатни ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Аммо ўйлашимча, менда у қадар қийналган жойим бўлмади. Жамоа мени яхши қабул қилиб олди, муҳит яхши эди. Кўникиш жараёни вақти менда яхши ўтди. Қийинчиликлар бўлмади.

- Хизматингизга Россия ёки бошқа жойлардан аниқ қизиқишлар бўляптими?

- Боя айтиб ўтганимдек, ҳозир бу мавзуга тўхталганимиз йўқ. Олимпия терма жамоамиз йиғинидан сўнг агентларим ва уйдагилар билан маслаҳатлашиб бир қарорга келамиз. Худо хоҳласа, мени “Акрон” билан яна икки йиллик шартномам бор. Шу боис ҳозирдан ҳеч нима дея олмайман.

- Олимпия терма жамоаси йиғинида қатнашдингиз. Ушбу йиғин қандай ўтди ва терма жамоамизни осиё чемпионати саралашидаги рақиблари ҳақида нима дея оласиз?

- Терма жамоа сафида ўйинларни ва машғулотларни соғингандим. Эски мураббийларим, эски жамоадошларим, чемпион бўлган таркибдаги дўстларимни кўрганимдан ва яна бирга ишлаётганимиздан хурсандман. Саралашга келсак, ҳар бир рақибга қарши жиддий тайёргарлик кўрамиз. Яхши натижаларга эришиб, кейинги босқичга ўтамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!