Балки "Пахтакор"да яна қандайдир ўзгариш бўлар ёхуд Войнески олдида энди иккита йўл қолди

  • 6 июнь, 2022, 21:05
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 4
  • Футбол
CHERY AUTO

Суперлигадаги танаффусдан фойдаланиб, клубларимизнинг шу пайтгача босиб ўтган йўли хусусидаги фикр ва мулоҳазаларимизни давом эттирамиз. Рўйхат бўйича навбат “Пахтакор”га келди.

Tecno

Мусобақа жадвалида чемпионни ўз жойидан топа олмаётганлар унинг 6-ўринда эканлигидан кимдир ҳайрон қолаётгандир, яна кимдир оддий ҳол сифатида қараётгандир. Ҳартугул сиз билан биз “Пахтакор”ни анчадан бери ўрта поғоналарга тушиб қолишини учратмагандик-а? Лекин бунга сабаб бор, албатта. “Шерлар” 2 та кам ўйин ўтказган. Уларнинг ҳисобида 9 та ўйиндан кейин 4 ғалаба ва 5 дуранг бор. “Насаф” билан бирга “Пахтакор”ни мағлуб этадиган клуб ҳозирча “чиқмади”.

Бу клубни “Металлург” ҳамда “Сўғдиёна” жамоаларига қарши захира ўйинлари бор. “Шерлар” ҳам Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ ўйинларини Саудия Арабистони майдонларида ўтказиб қайтганидан хабарингиз бор. Афсуски, у ерда биз кутган натижани кўрмадик. “Пахтакор” ўйлаганларимизни чиппакка чиқарди ва гуруҳда қолиб кетди. Ўзбекистоннинг чемпиони ва энг кўп совриндор жамоасидан ОЧЛда бундай натижани кутмагандик. Ундан кўра, “Насаф” қизиқарли ва жозибали ўйин кўрсатиб, кейинги босқичга чиқди. Қанийди, “Пахтакор” ҳам бу ишни уддалаганида эди...

пахтакор2_5

Энди уни ўйлашдан фойда йўқ, ҳаммаси тарихда қолиб кетди. Лекин тан олиш керак, “Пахтакор”нинг Осиё саҳнасида муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, бош мураббий Славче Войнескининг тажрибасига шубҳа билан қарайдиганлар кўпайиб қолди. Македониялик мутахассис юртимизда ва хусусан, “Пахтакор”да дебют мавсумини ўтказяпти. Лекин клубда иш бошлашидан аввал унинг олдига “конкрет” вазифалар қўйилган. Демак, Войнески олдидаги мақсадлардан бири – ОЧЛда яхши натижа кўрсатиш эди. Бироқ муваффақиятсизликка учраб вазифани бажара олмади. Энди унинг олдида иккита йўл қолди: Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ғолиб чиқиш. Лекин ҳозирча Суперлигадаги ишларини ҳам зўр деб бўлмайди. “Пахтакор”да дуранг кўпайиб кетди – 5 та. Ҳали ҳеч бир клубда бунчалик кўп дуранг йўқ ("Олимпик"дан ташқари). Нима учун АГМК, “Сўғдиёна”, “Навбаҳор” ва “Қизилқум” 20 очко билан пешқадам бўлиб туришибди? Бунинг энг биринчи сабаби – “Пахтакор”нинг ўз имконияти даражасида ўйнай олмаётгани ва очколарни йўқотаётгани билан боғлиқ. Бунинг натижасида бошқа клублар “Шерлар”нинг қоқилишидан фойдаланиб қолишга уринишмоқда ва бу орқали чемпионатда интрига кучайиб боряпти. Энди олдингидек совринли ўринлар учун курашаётган клублар сафи анча кенгайиб қолди.

пахтакор1_10

“Пахтакор”нинг ички ва ташқи майдондаги натижалари кутилган даражада кечмаётгани сабабли клубда қандайдир ўзгаришлар бўлишининг шамоли эсиб қолганди. Бу борада турли вариантлар айтилди. Ўзгариш шундан иборат бўлдики, клуб мутасаддилари – Жаъфар Ирисметов билан Собир Ходиев “Пахтакор” билан хайрлашишди. Ўзбек футболининг ёрқин афсоналаридан бири Максим Шацких эса Ирисметовнинг ўрнида спорт директори лавозимида иш бошлади. Макснинг юртимизга қайтиши жуда ижобий баҳоланди. Унинг тажрибаси “Пахтакор”га асқотиши кутиляпти. Мураббий сифатида узоқ йиллар “Динамо” Киевда ишлади ва кейин “Ротор”да ҳам фаолият кўрсатди.

войнески1

Войнески энди қандай бўлмасин Ўзбекистон ички чемпионатида натижа кўрсатиши шарт. Шундоқ ҳам ОЧЛдан кейин айримларда мураббийга нисбатан ишонч анча камайди. Шунингдек, таркибдаги легионерлар ҳам жуда кўп танқидларга учраяпти (Черандан ташқари). Айниқса, Саудия Арабистони майдонларида ҳимоячиларнинг савиялари кўринди. Битта гапни айтиш керак: клубдаги легионерлар пулига яраша! Драган бошқа мавзу. У ҳамон тўпурарлигини кўрсатяпти. Ҳозиргача 5 та гол урди. Ўзбекистон чемпионатида охирги йилларда Черандан бошқа энг зўр тўпурар топилмаяпти.

“Пахтакор” таркиб бўйича ҳамон кучли. Плюс уларда янги истеъдодлар чиқяпти. Лекин жамоанинг ҳозирги натижалари раҳбариятни қониқтиряпти, деб бўлмайди. Юқорида айтганимиздек, дуранглар кетма-кетлиги кузатилди. Балки ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда клубда яна қандайдир ўзгариш бўлар...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ғуломов Тўлқинжон
07/06/2022 17:39
Пахтакор жамоасига Мураббийликка Моуриньони қанча пулга бўлса хам жалб қилиш керак
. мансур
07/06/2022 03:08
Легионерларнинг ҳам ҳамасини (Черандан ташқари) қуритиш керак
. мансур
07/06/2022 03:07
"Пахтакор" бир қатор келгиндилардан қутилиши керак, булар: Суюнов, Қувватов, Сайфиев, Рашидов ва ҳ.к. улар ҳеч қачон жамоа учун жон куйдирмайди
. мансур
07/06/2022 03:01
Саша Генрихни ҳам клуб тизимига қайтариш керак, у ҳамиша Пахтакорга содиқ бўлган