
Тезкор: Италия клуби Шомуродов трансферига муносабат билдирди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов клублар миқёсидаги фаолиятида яна қийин танлов олдида турибди.
29 ёшли форвардимиз якунланган мавсумни юқори даражада ўтказганидан кейин “Рома” ўз ўйинчиси билан шартномани 2027 йилнинг 30 июнигача узайтирган эди. Бироқ бу Шомуродов Италия пойтахтида яна икки йил тўп тепишини англатмайди.
“Рома” УЕФАнинг молиявий санкцияларига тушиб қолмаслиги учун тезроқ 10 миллион евро топиши керак. Бу масалани ўйинчи сотиш орқали тез ҳал қилиш мумкин. Элдор Шомуродов эса “бўрилар” орасида энг харидоргир футболчига айланди.
Ҳозирнинг ўзида ўзбек футболчиси олдида янги жамоа учун танлаш имконияти етарли. Бу галги трансфер бозорида Элдорга биринчи бўлиб АҚШ клублари қизиқиш билдирди. Аслида ҳаммаси ўтган ёзда бошланган, “Атланта Юнайтед” Шомуродовнинг трансферини расмийлаштиришга улгурмай қолган эди. Уммонорти клубларидан қишки трансферлар даврида ҳам чорловлар бўлди, бироқ муҳокамалар расмий музокаралар даражасига кўтарилмади. Бу сценарий мана июнь ойида ҳам такрорланди.
Шомуродовни олиш учун жиддий тарзда бел боғлаган клублар бор. Туркиянинг “Башакшеҳир” клуби легионеримиз бўйича “Рома” билан алоқани ушлаб турибди ва дастлаб таклиф қилинган 7 миллион еврога яна бир миллион қўшишга ҳам улгурди. Турклар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир вакили Аббосбек Файзуллаевга ҳам қизиқаётгани хабар қилинганди. Бироқ турк клуби матбуот котиби Гохан Йилмаз бу хабарни тасдиқламади. Айни пайтда у Шомуродовга бўлган қизиқишни инкор қилгани йўқ.
“Топ-5” лигалар сирасига кирувча Франция чемпионатидан “Ренн” ҳам таркибини ўзбек форварди ёрдамида кучайтиришга ҳаракат қиляпти. Французлар ҳам ўз мақсадлари ҳақида Рим клубига маълум қилган ва Шомуродовнинг трансфер маълумотларини сўраган.
Сўнгги кунларда Элдорга А Серияга қайтган “Кремонезе” жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида ахборот берилди. Бу жамоа таркибини юқори дивизиондаги кучли рақобатга мослаштириши талаб этилади. Кремоналикларнинг Шомуродовга қизиқиши ўзбек футболчисининг универсаллиги, жисмоний тайёргарлигининг маромида экани ва Италия футболини яхши билиши билан изоҳланди.
“Рома” фаолиятини ёритаётган laroma24.it сайти журналистлари “Кремонезе” клуби мутасаддиларидан спорт директори Симоне Жакеттага билан боғланиб, Элдор Шомуродов трансферига оид маълумотларга аниқлик киритди.
- Элдор Шомуродовга аниқ қизиқиш борми? Бу саволга жавоб ўлароқ шуни айтишим мумкинки, биз бу ўйинчи трансферини ҳеч қачон муҳокама қилмаганмиз, - деди Симоне Жакетта.
Экспертларнинг таъкидлашича, Симоне Жакеттанинг бу гаплари шунчаки чалғитувчи усул бўлиши мумкин. Аслида “Кремонезе” Шомуродов трансфери бўйича ишлаётганининг эҳтимоли катта экани айтилмоқда.
Умуман олганда, Италияда трансфер бозори ҳали узоқ давом этади. Элдор Шомуродовга таклифлар кўп бўлиши, савдога янги клублар қўшилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов якунланган мавсумда жами 37 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасига еттита тўп киритди ва жамоадошларига бешта голли пас узатди.
Фикрлар