
Баҳром Ҳайдаров: "Албатта, ўйинчимизни қизил олиши яхши эмас, лекин..."
Суперлиганинг 23-турида “Қўқон-1912” ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилди ва унда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Беллашувдан сўнг мезбонлар устози Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.
- “Бунёдкор”ни ҳаммамиз биламиз, Ўзбекистондаги кучли жамоалардан бири. Қанча кўп гапирсак ҳам барибир футболчиларда озгина ҳаяжон бўлди. Кейин ўзига келишди. Дуранг адолатли бўлди, деб ўйлайман. Чиройли, ҳужумкор ўйин бўлди. Биз ҳам, “Бунёдкор” ҳам ютишни хоҳлади. Ҳеч ким дурангни ушлаб қолишга ўйнамади. Мухлисларга ҳам ёқди, деб ўйлайман. 2:1 дан кейин яна ўша ҳаяжонми, йигитларда етишмаётган нарса, уларни ўзларига ҳам айтдим, “Бунёдкор”га қарши жамоалар 3:1 ёки 4:1 қилиши мумкин. Ўйин чиқаётганида яна олдинга қараб ўйнайвериш керак. 2:1 дан сўнг ўзимиз ҳимояга ётиб олиб, уларга гол киритишга имконият бериб қўйдик. Бу нарсани аста-секин бартараф қиламиз. Жамоани ўзига ишончи ортиб боряпти. Уч очко олсак яхши бўларди. Турнир жадвалидаги ҳолатимиздан келиб ҳар бир учрашувда уч очко олишимиз шарт бўляпти. Ҳакарат қиляпмиз, лекин иккита учрашувдан бери бунга эриша олмадик. Ўйин бўйича дуранг адолатли бўлди.
- Биринчи бўлимда майдон маркази рақибга бериб қўйилди. Ярим ҳимоячилар унчалик кўзга кўринишмади...
- Биз ҳам шуни сездик. Рақибни олдинги учрашувларини кўриб кўрсатма бергандик. Улар марказда учта ярим ҳимоячи бир-бирига яқин ўйнашади. Бизда озгина бошқачароқ. Тўп уларга келиб тушганида йигитларимиз яқинроқ ўйнашлари керак эди, бу ҳақида уларга айтгандик. Бироз кенглик бўлиб кетди. Шуни ҳисобига биринчи бўлимда ўртани бериб қўйдик. Кейин футболчиларни ўзгартирдик. Иқбол Маликжонов тушганидан сўнг майдон марказида тенглик бўлди, шекилли. Иккинчи бўлимда ҳам Маликжонов майдонга тушмагунига қадар ўша нарса кўзга ташланиб турганди.
- Тоштемиров қизил карточка олди. Бу ҳақида нима дейсиз?
- Бу қизил карточка эмас, иккинчи сариқ карточка бўлди. Майдон марказида тактик фолга қўл урди. Ўйинчи ўтиб кетса яна гол уриши мумкин эди. Албатта, ўйинчимизни қизил олиши яхши эмас. Лекин ҳар нарсани яхши тарафи ҳам бўлади. Ўйлайманки, унга эътироз йўқ. У шунга мажбур бўлди, атайлаб қилганда бошқача эди.
- Темурхўжа Абдуҳолиқов Ўзбекистондаги маҳоратли ҳужумчилардан бири. Уни яхшироқ ушлашни айтганмидингиз?
- Темурхўжани асосий таркибда чиқади, деб ўйлагандик. Ўзи ҳужумда ўйнаётганди. Бу ҳақида кўп гаплашганмиз. Тўпни ўзида яхши сақлаб туришини, яримта имкониятдан ҳам гол ура оладиган ҳужумчилигини ўйинчларимизга айтганмиз. 88-дақиқада чарчоқда бироз мувозанат йўқолди. Ҳимоячиларимиз позицияни ютқазиб қўйди. Бу ҳужумчи учун ушбу ҳолат етарли бўлди. У ҳақида айтгандик, тажрибаси шунчалик кучли экан, жамоасини мағлубиятдан қутқариб кетди.
Фикрлар