
Асрор Алиқулов: "Футболчиларимиз бундай ўйинларга тайёр эмас"
Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган “Машъал” – ОКМК (0:1) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов саволларга жавоб қайтарди.
- ОКМК охирги турларда ғалаба қозона олмаётганди. Аммо ўйин даражаси бўйича яхши футбол кўрсатяпти. Қисқа паслар, қанотлардан... Афсуски, ўйинни ёмон бошладик. Стандартдан гол ўтказдик. Сўнг вазиятни ўнглашга ҳаракат қилдик. Кейин уйғондик. Иккинчи бўлимда футболчилар борини беришди. Яхши ҳужумлар қилдик, ОКМК яхши ҳимояланди. Айтиш мумкинки, голга тортадиган вазиятлар кам бўлди. Охирида мағлубиятдан қутулиб қолишимиз мумкин эди. Қаердадир совуққонлик ва маҳорат етишмади. Барибир ўйин учун йигитларга миннатдорчилик билдираман. Иккинчи бўлимда яхши ўйнадик, босим қилдик. Афсуски, ғалаба қозона олмадик.
- 5 та ҳимоячи билан ўйнасангларда ОКМК стандартдан гол урди. Ёзги танаффусда яхши ҳимоячилар олиш режаси борми?
- Ҳамма вақт селекция, яхши ҳимоячи зарур. Суперлигага айнан яхши ҳимоячи, ўйинни бошқара оладигани керак. Иккинчи қаватда ўйнай оладиган, ҳужум бошлай оладиган ва қарши ҳужумга тайёр ҳимоячи зарур. Суперлига талаби шунақа. Биз ҳам шу томонлама ишлаяпмиз, уларни уйғотишга ҳаракат қиляпмиз. Ўйиндан олдин кўрсатмалар беришда кимлар ўйнашини исмларигача айтганмиз. Билмадим, қандайдир сонияларда хушёрликни йўқотдик ва гол ўтказдик. ОКМКдек рақибга қарши баҳсда устунлик қилиб, вазият яратиш осон эмас. 5 ҳимоячи билан ўйнасак ҳам гол ўтказиб юбордик.
- Муртазоев кўринмади. Ҳужумда қандайдир ўзгаришлар қилиш мумкинмиди?
- Захирада ўтирган ҳужумчи ўйинни кучайтира олмаслигини билардик. Бу савияда ОКМК ҳимоячиларига қарши маҳоратли футболчи керак. Хумоюнни охиригача ушлаб турдик, қандайдир вазият яратиши мумкин деб. Ҳимояга ёрдам берадиган яхши савияли ярим ҳимоячилар ҳам керак. Устунлик қилиш учун бизга савия етишмаган бўлиши ҳам мумкин. Футболчиларимиз бундай ўйинларга тайёр эмас. Фақат Ҳумоюнни эмас, ҳаммани айбласак тўғри бўлади.
- Тўхтабоев кам ўйинларда майдонга тушиб кўп гол ўтказиб юборди. Янги посбон таклиф қилиш режангиз борми?
- Режамиз бўйича дарвозабон олишимиз керак эди. Бир дарвозабонни қўйиб юбориб, учинчисини олиш таклифини бердик. Бироқ раҳбарият унга ҳам имконият беришга қарор қилди. Достон ўйинига келсак, барибир унда “Машъал”гача Суперлигадаги ўйинлари сони кам. Унга бир хиллик етишмаяпти. Яхшироқ ўйин кўрсатса кейинги учрашувда яна ишонч билдирсак, ўзини йўқотиб қўйяпти. Руҳият томонлама Суперлига босимини кўтара олмаяпти.
- Иккинчи тайм бошида Салифуни майдонга туширдингиз. Биринчи паслари билан ўзгариш қила олди. Қанот ўйинчиларини бирга-бир вазиятларга чиқарди. Уни учрашув бошидан туширишни ўйлаб кўрганмидингиз? Жисмоний ҳолатида муаммо борми? Нега бошидан имконият бермаяпсиз?
- Тактик томонлама ҳимояланаётган пайтимизда унда муаммолар бор. Тўп бизда бўлганида унда тўп назорати яхши. Иккинчи бўлимда туширганимиз, Шерзод Файзиев сариқ карточка олганди ва яна олиши мумкин эди. ОКМК футболчилари анча тезкор. Салифуга тезкорлик етишмайди. Имкон борича ёшроқ ва бўшлиқлари ёпадиган ўйинчиларни тушириб, қайсидир вақтдан кейин кучайтириш мақсадида айрим йигитларни захирада олиб қолгандик.
Фикрлар