
Арвеладзе мағлубиятга қандай изоҳ берди?
Осиё Чемпионлар лигасининг 3-турида Тошкентнинг "Пахтакор" клуби Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" жамоасига қарши баҳс олиб борди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Беллашувдан кейинги матбуот анжуманида "шерлар" устози Шота Арвеладзе баҳс ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Бугунги учрашув ҳақида нима дейишга ҳам ҳайронман, жудаям оғир ўйин бўлди. Ҳакамлар қарори бўйича, албатта эътирозларим бор. Қизил карточка кўрсатилган вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат бор эди, буни ҳакамлар кўрмади.
Биринчи бўлимда биз тўлиқ устунлик қилганимизга қарамай, бўлим якунида юзага келган жарима зарбасидан гол ўтказиб юбордик. Умуман олганда, биз беллашувга яхши тайёргарлик кўрган эдик, баҳс қийин ўтишини билгандик ва ўйлашимча, биз ўз даражамизни кўрсата олдик, аммо сўнгги дақиқаларда аламли голни қўйиб юбордик. Кейинги учрашувгача, албатта ўз хатоларимиз устида ишлаймиз. Бир қатор, яққол голли вазиятлардан фойдалана олмадик ва мана шу ҳам бизга панд бериб қўйди.
Ортиқча хатоларни кўрмадим. Ўзим билган камчиликлар рўй берди. "Ал-Ҳилол"га қарши учрашув дарс берди, дея олмайман. Биз ёмон ўйин кўрсатмадик, устунлик ҳам биз томонда бўлди. Шунинг учун, жавоб ўйинида "Ал-Ҳилол"ни бемалол мағлуб этса бўлади," - деди Арвеладзе.
Фикрлар