"Насаф" айрим вазиятларда бизни кечирди, кучайишимиз шарт" - Асрор Алиқулов яна нималарни айтди?

CHERY AUTO

Суперлиганинг 13-турида воҳа дербиси бўлиб ўтди. Ғузорда “Машъал” “Насаф”ни қабул қилди. Қизиқарли ўтган учрашувда 1:3 ҳисобида “Насаф” ғалаба қозонди. Ўйиндан кейин “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.

Tecno

- Биринчи навбатда “Насаф”да тўп назорати яхши ва ажойиб футболчиларга эга. Индивидуал маҳоратли ўйинчилари бор, айниқса, ҳужум чизиғи ва қанотларда. Муносиб тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. Бўшлиқ қолдирмаслик, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш...Биринчи голда оддий ҳолатда тўп йўқотдик ва “Насаф” бизни жазолади. Биринчи бўлимдаги устунлик рақиб томонида эди. Иккинчи бўлимни яхши бошладик, гол урдик. Кейин бироз сусткашликка йўл қўйдик ва иккинчи голни ўтказдик. “Насаф” яхши ҳимояланди ва қарши ҳужумда бизни яна жазолади. Футболчиларга меҳнати учун миннатдорчилик билдираман. Улар меҳнат қилишди. Бироқ захирадан майдонга тушган ўйинчилар ўйинни кучайтира олмадилар.  

- “Машъал” “Насаф”га иккинчи тайм бошида очиқ футбол таклиф қилди. Ёпиқ ўйин орқали натижага эришиш маъқул эмасмиди?

- Биз ҳисобда ортда бораётгандик. “Насаф” жамоасидан тўпни олиб қўйиш осон эмас. Терма жамоа аъзолари кўп. “Насаф”ни тўп билан назорати жуда яхши. Улардан тўпни олиб қўйиш қийин эди ва шу боис босим уюштиришга ҳаракат қилдик. Хато қилишга ундадик. Иккинчи бўлимни яхши бошладик. “Насаф” ҳужумга чиқишга қийналди. Рақиб тезлик ва тўп билан ишлашда биздан устунлик қилди.

- Биринчи таймда яхши ўйнай олмади. Иккинчи таймни бошқача бошлаганди. Ўйин бошидан шундай ўйнаганида балки бошқача натижа бўлиши мумкинмиди?!

- Бу ерда тактикада эмас, балки кўпроқ уларни Суперлигага тайёргарлигида. Тўпни назорат қиляпсизми, хоҳлаймизми-йўқми, ҳар бир жамоа босим қилади. “Насаф” босим қиляпти, оддий ҳолатларда тўп йўқотяпмиз. 1:0 ҳисобида ютқазаётганимизда руҳий пасайиш ва босим бўлди. Бу ерда гап тактикада эмас. Футболчиларни ҳаммаси ҳам Суперлигага тайёр эмас.

- Иккинчи таймни бошқача бошлашди. Танаффус пайтида нима дегандингиз?

- Ҳимояда бўшлиқлар бор эди, шуларни ёпишга ҳаракат қилдик. “Насаф”га ҳимоядан ҳужумга ўтишида босим уюштирдик. Ҳужумга чиқишини қийинлаштирдик. Ўзимиз ҳам яхши имкониятлар ярата олдик. Гол ургандан кейин яна ҳужумда эдик. Афсуски, тўп йўқотиб қарши ҳужумда тўп ўтказиб юбордик.

- Учала голда ҳам ҳимоячилар бўшлик қилишди, деб ўйлайсизми?

- Ўзим ҳимоячи бўлганим учун бунга кўп эътибор қиламиз. Тўп билан яхши ўйнайдиган футболчимизда бош билан ўйнашда муаммолари бор. Селекцияда камчиликларимиз бор. Ҳимоячиларни хатолари яққол кўриниб турибди. “Насаф” бир-иккита вазиятларда бизни кечирди. Марказий ҳимоячиларимиз тўп оширишда хатоларга йўл қўйишяпти.

- “Машъал” бошида қийин аҳволда эди. Ҳозир эса турнир жадвалининг ўртасида кетяпти. Ўзгаришлар кутсак бўладими?

- Ўзгаришлар қилишимиз керак. Сметамизга боғлиқ. Бунақа савияда ўйнаш учун барибир футболчилар керак. Мақсадга яраша яхшироқ ҳимоячилар зарур. Ҳамма томонларини ўйлаяпмиз. Доим ҳам биз ўйлагандек бўлмайди. Рақиблар кучли. Жамоавий ўйин орқали очколарни қўлга киритишга ҳаракат қиляпмиз. Кучайишимиз шарт. Иккинчи даврада оғир ўйинлар бўлади.

- Клубда смета кам. Аммо жамоавий ўйини яхши. Қандай руҳлантиряпсиз?

- Сметани эсдан чиқарганмиз. Раҳбарият томонидан смета бўйича таклиф қилинган суммаларга футболчилар кўнишган. Ҳомийимиз томонидан вақтида пуллар тўланяпти, раҳмат айтамиз. Биз кўпроқ футбол тўғрисида ўйлаяпмиз. Мураббийлар штабига ҳам миннатдорчилидик билдирамиз, ҳаммамиз бир жамоа бўлиб ишлаяпмиз. Камтарона ютуқларимиз жамоамизни бирдамлиги билан боғлиқ.

- Муборакка қачон футбол қайтади?

- Билмадим. Асосий муаммолар - чим, ВАР. Ёритиш тизимиз ўрнатилган. Буларга эътибор қилмаяпмиз. Ҳамма жойда майдонлар яхши, ВАР тизими бор. Яхши ўйинчи учун уйда ёки рақиб майдонида ўйнашда фарқ бўлмаслиги керак. Уйда ўйнасангиз мухлислар олдида иштиёқ баланд бўлиши мумкин, рақибда ҳам шунақа.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!