“Реал” академияси мураббийлари Андижонга келади

  • 13 ноябрь, 2018, 08:20
  • Baxtiyorjon Toshtemirov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Маълумки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси бир қатор кучли чемпионатлар билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатган ҳолда бу орқали юртимизда миллионлар ўйинини янада ривожлантириш устивор вазифа қилиб қўйилган. Шу мақсадда ЎФА ҳамда ПФЛ Испания футбол федерацияси, қолаверса, Мадриднинг “Реал” клуби академияси билан меморандум имзолаган ҳолда яқиндан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйишди. Бунинг натижаси ўлароқ яқинда “Реал” клуби академияси мураббийлари Тошкентга келиб ёш футболчиларга мастер-класслар ўтказишди ва машғулотлар давомида ўзларига маъқул келганларини танлаб “Реал” академиясида тажриба ошириш учун олиб кетишганди. Энди эса мана шундай жараён вилояларда ҳам давом эттириладиган бўлди. Бизга маълум бўлишича, “Real Madrid Fundacion” мураббийларининг юртимизга иккинчи ташрифи географик жиҳатдан анча қамровли бўлади. 11 ноябрь куни юртимизга ташриф буюрадиган скаутлар 12 ноябрда Термизга сафар уюштиришади. Сўнг 14 ноябрда йўналиш Бухоро томон ўзгаради. 18 ноябрда эса Нукусдаги ёш болалар танловдан ўтказилади. Шундан кейин 21 нобярь куни “Реал” академияси мураббийлари Андижонга келишади ва у ерда уч кун давомида вилоятдаги барча ёшларни кўрикдан ўтказишади. Андижон вилояти футбол ассоциациясининг 1-вице-президенти Бекзод Каримов эса бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Tecno

- Яқинда “Реал” Мадрид скаутлари Тошкентга келиб ёш болаларни шуғуллантириб танлов асосида ўзларига маъқул келганларини танлаб Мадридга олиб кетишганди, - деб гап бошлади, Каримов. - Уларнинг орасида эса уч нафар андижонлик ёш футболчилар ҳам малакасини ошириш учун бориб келишди. “Реал” мураббийлари Андижонда иқтидорли ёшлар кўплигини кўриб, энди бизнинг вилоятда ҳам уч кун давомида кастинг ўтказишади. Энди уларнинг малакасини ошириш мақсадида 2007 йилларда туғилган болаларни саралайди. Улардан ўзлари учун ёққан болаларни ўз ҳисобидан яна “Реал” академиясига олиб боришиб, малакаларини оширишга хизмат қилишади. 10 кун давомида Мадридда “Реал” клубининг ҳаёти, академиядаги шароитлар, шуғулланиш усулларини кўриб, у ерда футбол ҳаёти билан танишадилар. Шуниндек, ўтган сафар бир нафар мураббийимиз ҳам бориб келганди. Бу сафар ҳам яна бир мураббийни олиб кетишади.

- Шўрбулоқдаги футбол академиясида болаларни кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Барча вилоятдаги 2007 йилда туғилган, футболга қизиқиши юқори бўлган болаларни кастинг асосида танлаб олишади ва биз бу ҳақида телевидение ва радио орқали ҳам эълон берамиз. Шу боис вилоятдаги барча туман ва қишлоқлардаги ушбу ёшдаги болалар қатнашишлари мумкин. Қолаверса, муҳтарам Президентимизнинг 3610-сонли қарорига асосан чекка-чекка ҳудудлардан ёш футболчиларни излаб топиш мақсадида ҳам бу борада танлов ўтказилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан Испания футбол федерацияси ҳамда “Реал” академияси билан тузилган ўзаро меморандумларга асосан мазкур йўналишда иш олиб борилмоқда. Муҳими, ёш футболчиларимиз Испанияга бориб ўз малакаларни ошириб келишади. Бу эса улар учун ҳам, биз учун жуда фойдали ҳисобланади.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!