
“Динамо” – “Шўртан” ўйинига хотин-қизлар бепул киритилади
8 март куни Олий Лиганинг Самарқанддаги расмий очилиш учрашувида «Динамо» жамоаси Ғузорнинг «Шўртан» жамоасини қабул қилади.
Самарқанддаги «Динамо» стадионида ўтадиган чоршанба кунги учрашувнинг очилиш маросими тадбири 15:30 бошланса, ўйиннинг бошланиш вақти 16:00да белгиланган.
Қайд этиш жоиз, 8 март халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан «Динамо» - «Шўртан» учрашувига кириш хотин-қизлар учун бепул бўлади. Бу ҳақда самарқандликлар матбуот хизмати хабар берди.
Бир ҳафтадан буён «Динамо» стадиони кассаларида ушбу учрашувга чиқарилган чипталар сотуви бошланган. Чипта баҳоси 5 минг сўм бўлиб, нақд пул ва терминал орқали савдо амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси ҳакамлар қўмитаси ушбу учрашувга тайинланган ҳакамлар бригадасини маълум қилди.
Унга кўра, «Динамо» - «Шўртан» учрашувини тошкентлик Вадим Агишев бошқариб боради. Унга қанотларда Тимур Галлеев ва Акбар Пўлатовлар ёрдам беришади.
Учрашув назоратчиси этиб Дмитрий Роман тайинланган бўлса, ПФЛ вакили эса Алексей Фроловдир.
Олий Лига. 2-тур. 8 март (чоршанба)
«Динамо» (Самарқанд) – «Шўртан» (Ғузор)
Ҳакамлар: Вадим Агишев (Тошкент), Тимур Галеев (Тошкент), Акбар Пўлатов (Тошкент), Анатолий Рубаков (Тошкент).
Назоратчи: Дмитрий Роман (Тошкент).
ЎзПФЛ вакили: Алексей Фролов.
Фикрлар