
Файзуллаевни ҳам оламиз! Туркия клуби трансфер бўйича музокараларни бошлади
Хабарингиз бор, Туркиянинг "Истанбул Башакшеҳир" клуби миллий терма жамоамиз ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ўз таркибига қўшиб олмоқчи. Маълумотларга кўра, жамоа "Рома" билан музокараларни давом эттирмоқда. Истанбул клуби футболчи билан 2028 йилга қадар мўлжалланган шартномани имзолаш арафасида.
Туркиялик журналист Эртан Сузгуннинг маълум қилишича, "Истанбул Башакшеҳир" клуби яна бир легионер ярим ҳимоячимиз Аббосбек Файзуллаев трансфери бўйича олиб борган музокараларда муҳим босқичга эришган. Футболчига неча йиллик шартнома таклиф қилиниши ҳозирча номаълум.
Аввалроқ, айнан Сузгуннинг ўзи Туркия клубининг ярим ҳимоячи трансфери бўйича ЦСКАга расмий таклиф билан чиққани ҳақида хабар берган эди.
Маълумот учун, Файзуллаевнинг ЦСКА билан тузилган амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ярмига қадар амал қилади. Трансфермаркт портали легионеримизни 8 миллион еврога баҳоламоқда.
Фикрлар