Янги юлдузча! “Барса” 16 ёшли ҳужумчини трансферга кўндирди
- 21-феврал, 18:00
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” келажакда юқори малакали футболчига айланадиган истеъдодларни ёшлар билан ишлаш сиёсати доирасида Англиядан янги вундеркинд топди.
Каталонияликлар “Норвич Сити”нинг 16 ёшли ҳужумчиси Аджай Таварес трансфери бўйича келишувга эришди.
Бу ҳақда Sport.es журналистлари хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, дам олиш кунлари англиялик форвард “Барселона” учун тиббий кўрикдан ўтади ва клуб билан муносабатларини расмийлаштириш учун Каталонияга келади.
Клублар ўртасидаги ҳуқуқий масалалар аллақачон ҳал қилинган, трансфер расмий равишда тез орада эълон қилиниши кутилмоқда.
Таварес “Норвич Сити”нинг U18 жамоасида чап қанот ҳужумчиси сифатида ўйнайди.
У клубнинг асосий жамоаси сафида расмий ўйинларда иштирок этмаган, аммо июль ойида Нидерландиянинг “Волендам” жамоасига қарши мавсумолди ўйинида майдонга тушган.