УЕФА бу ёзда Европанинг етакчи лигалари билан ВАРдан қандай фойдаланилаётгани масаласини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда Sky Sports хабар берди.
УЕФА бутун Европа бўйлаб янада соддалаштирилган ёндашувни хоҳламоқда. Бу эса ВАР фақатгина “аниқ ва равшан хатолар”ни камайтириш учун ишлатилишини таъминлайди.
Йиғилишга УЕФА ҳакамлар бўлими раҳбари Роберто Росетти мезбонлик қилади ва у Жаҳон чемпионатидан кейин ўтказилади. Унда Премьер-лига, Ла Лига, A Серия, Бундеслига ва Лига 1 каби лигалар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Росетти ўтган ой футбол “микроскопик аралашувлар” йўлига кириб кетишини истамаслигини айтган эди.
УЕФА ВАРни футбол учун фойдали деб ҳисоблайди — агар у тўғри қўлланса ва бу тизим футболнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Шунга қарамай, унинг жорий этилиши баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва кўплаб мухлислар унинг ўйинга таъсиридан норози.