Тошкент яна бир йирик халқаро мусобақага мезбонлик қилди
- 15-сентябр, 15:28
- Javohir Malikov
- 0
- Яккакурашлар
12–13 сентябрь кунлари "ЖАР" спорт мажмуасида жиу-житсу бўйича "Tashkent International Open" турнири бўлиб ўтди.

Мусобақада Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Туркманистон, Бразилия, Буюк Британия ва Туркиядан келган 900 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Икки кун давом этган турнирда болалар ва катталар ёш тоифасида қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтди. Спортчилар юқори маҳорат ва кучли рақобат намойиш этиб, мухлисларга ёрқин баҳсларни тақдим қилди.

Болалар ўртасидаги умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни "Uzbekistan Top Team" эгаллади. Иккинчи ўрин "Hectors House", учинчи ўрин эса "Grappling Baza" жамоасига насиб этди.
Катталар баҳсида ҳам "Uzbekistan Top Team" чемпионликни қўлга киритди. Тожикистоннинг "Team Boymurodov" жамоаси иккинчи, Қирғизистоннинг "Jalal-Abad Jiu-Jitsu" жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ҳомийлар томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Биринчи ўрин — 1000 доллар.
Иккинчи ўрин — 500 доллар.
Учинчи ўрин — 300 доллар.