Таэквандо миллий терма жамоамиз Париж Гран-присини муваффақиятли якунлади
- 13-октябр, 13:43
- Javohir Malikov
- 0
- Яккакурашлар
Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган "Palais des sports Marcel Cerdan" спорт саройида таэквондо WТ бўйича G6 категориясидаги Гран-при турнири ўз ниҳоясига етди.
Уч кун давом этган мусобақада миллий терма жамомиз аъзолари ҳам иштирок этди. Беллашувлар давомида вакилларимиз томонидан 2 та кумуш ва 1 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Хусусан, Жаҳон чемпиони Нажмиддин Қосимхожиев мусобақада иккинчи натижани қайд этиб, жорий йил ҳисобидан кетма-кет иккинчи Гран-при турнирида ҳам совриндорга айланди. Ҳамюртимиз июн ойида Рим мезбонлик қилган мусобақада бронза медалини қўлга киритган эди. Бу сафар 22 яшар спортчимиз кумуш медалга сазовор бўлди.
Бир неча кун аввал Осиё ўйинларида ғалаба қозонган Жасурбек Жайсунов Парижда ҳам сермаҳсул ғалабаларни давом эттириб, финалга қадар етиб келди. Амалдаги Жаҳон чемпиони Энрике Маркесга қарши кечган қизғин баҳсда афсуски, омад бразилиялик спортчига кулиб боқди. Шундай бўлса-да, Жасурбек мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлиб, Жаҳон рейтингидаги ўрнига қимматли очколарни қўшиб қўйди.
Бундан ташқари, аёллар ўртасида -67 кг вазн тоифасидаги беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Озода Собиржонова ҳам Осиё ўйинларидаги муваффақиятли иштирокдан сўнг, Париж Гран-присида ҳам ҳисобимизга медал тақдим этди! У рақобатга бой ўтган баҳслар давомида бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Павел Хан шогирдлари Париж Гран-присини 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан ниҳоясига етказди. Эслатиб ўтиш даркор, ҳамюртларимиз сўнгги бор 2023-йилда ташкил этилган Париждаги Гран-прида 1 та олтин медалга эга чиққан.
Бу ҳақда Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси хабар бермоқда.