Шомуродов икки гол билан курашга қайтди! Тўпурарлар пойгасида вазият қандай?
- 11-апрел, 18:14
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов профессионал фаолияти давомидаги энг сермаҳсул мавсумини ўтказмоқда.
Италиядаги фаолиятидан кейин Туркия Суперлигасига кўчиб ўтган 30 ёшли ҳужумчи янги лигага жуда тез мослашди ва тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келмоқда.
Аслида Элдор “Истанбул Башакшеҳир”га кўчиб ўтганидан кейин чемпионат ўйинларида мунтазам тўп киритиб, маълум муддат тўпурарлар баҳсида якка пешқадамлик қилди. Бироқ легионеримиз Суперлиганинг охирги бешта учрашувида майдонниголсиз тарк этди.
Бунинг оқибатида тўпурар пойгасидаги асосий рақобатчиси Поль Онуачу барқарорлигиги эвазига голли сонини 22 тага етказиб, Шомуродовдан анчагина олдинга ўтиб олди. Шу билан бирга нигериялик форвард голларидан олтитасини пенальтидан киритди.
Туркия чемпионатининг 29-турига келиб, ўзбек ҳужумчиси беш ўйиндан иборат қуруқ сериясига якун ясади. “Генчлербирилиги” жамоасини ўз майдонида қабул қилган истанбулликлар учрашувнинг 9-дақиқасида Элдор Шомуродовнинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди. Орадан ярим соат ўтиб, форвардимиз учрашувдаги иккинчи голини киритди. “Башакшеҳир” 3:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганини инобатга олиб, Нури Шахин 80-дақиқада учрашув қаҳрамони Шомуродовни захирага олгани боис, ҳамюртимиз дубль билан кифояланди.
Шу тариқа, Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги умумий голлари сонини 18 тага етказиб олди.
Умуман олганда, тўпурарлар пойгаси сўнгги тургача қизғин кечиши кутиляпти. Элдор буёғига Поль Онуачуга етиб олишга ҳаракат қилади. “Трабзонспор” ҳужумчиси Суперлигада кўп гол уриш бўйича рекорд ўрнатиш пайида.
Бу икки етакчини 13 тадан тўп киритган машҳур юлдузлар – “Галатасарой” ҳужумчиси Мауро Икарди ва “Фенербаҳче” форварди Талиска таъқиб қилиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Шомуродовнинг тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқишига қўшимча омиллар ҳам тўсқинлик қилиши мумкин. Чунки “Олтин бутса” рейтингида дастлабки тўққизта қаторни эгаллаган футболчиларнинг етти нафари чемпионатнинг энг қудратли уч клуби – “Галатасарой”, “Фенербаҳче” ва “Трабзонспор” вакилларидир
Мусобақа жадвалида дастлабки уч поғонани эгаллаб турган ва чемпионлик учун курашаётган бу жамоаларнинг ҳужум чизиғи, форвардларни ассист билан таъминлаётган креатив ўйинчилари “Истанбул Башакшеҳир”никидан анча кучли эканини эътироф этиш керак.
Эътиборли жиҳати шундаки, Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги жами 17 та рақиб жамоанинг деярли ҳар бирига гол урмоқда. 30 ёшли ўзбек ҳужумчиси 14 та жамоа, яъни “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Антальяспор”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги”, “Трабзонспор”, “Касимпаша”, “Самсунспор”, “Газиантеп”, “Фотиҳ Карагюмрюк”, “Ризеспор” ва “Эюпсор”дарвозасини ишғол қилди.
Энди Элдор Шомуродов гол ура олмаган битта жамоа қолди. Ҳамюртимиз “Фенербаҳче”га чемпионатнинг иккинчи ярмидаги ўйинда тўп киритишга ҳаракат қилади. “Кайсериспор” ва “Гёзтепе” эса, чемпионатнинг ҳар икки ўйинида Шомуродовнинг гол уришига йўл бермаган жамоа бўлиб қолди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Элдор Шомуродов юқори самарадорлик намойиш этмоқда ва “Олтин бутса” учун курашда охиригача курашишни мақсад қилган. Қолаверса, Шомуродов 2026 йилги жаҳон чемпионатига энг зўр спорт формасида етиб бориги Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун жуда муҳим ҳисобланади.
Ҳусанов қўлдан чиқди, кўзингиз қаерда эди?
Ҳусанов ўзидан тезкор футболчи номини айтди
Еврокубокда ўйнайдиган клуб ўзбек футболчиси трансферини эълон қилди
Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!
Ҳусанов рейтингда биринчи!